10:20 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Кенжа Ислом Каримов Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради

31.01.2018 09:29 msk

Фарғона

Кенжа Ислом Каримов
Ўзбекистоннинг марҳум президенти невараси, Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Буюк Британия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган. Бу ҳақида Би-би-си нашри Ислом Каримовнинг Лондондаги адвокатларига яқин манбага таяниб хабар қилди.

"Ҳа, юридик процедуралар ва ҳужжатлар тайёр бўлиши биланоқ бу йил бошпана сўрайман. Онамга боғлиқ йирик ўзгариш юз берди. Бу қаттиқ сир сақланмоқда, аммо у борасида қилинадиган эълон ҳақида менга қатор хабарлар етиб келди. Бунга ақл бовар қилмайди, ақли жойида бўлган одам тасаввур ҳам қила олмайди", деди Гулнора Каримованинг ўғли.

Ўзгариш ҳақида қайта-қайта батафсил сўралганида, Ислом Каримов жавоб бермади. Би-би-си манбасига кўра, унга адвокати АҚШдан бошпана сўрашни тавсия қилган, аммо у Британияни танлаган.

Ислом Каримов – Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич невараси бўлиб, онасига нисбатан жиноий иш қўзғалганидан бери Лондонда истиқомат қилади. Ўтган йил июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова 2015 йилда солиқ тўлашдан бош тортиш айби билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганини билдирганди. Прокуратура, шунингдек, унга қарши олиб борилаётган иккинчи жиноий ишга биноан Гулнора Каримова 1 миллиард 942,8 миллион долларлик (қарийб 2 миллирадлик доллар) хорижий валютани яширишда гумонланаётгани ва у бошқарган гуруҳнинг 1,5 миллиард долларга яқин маблағи 12та хорижий давлатда аниқлаштирилганини билдирган.

Ислом Каримов ўз онаси Гулнора Каримовага Ўзбекистонда қўйилаётган барча айбловларни рад этади. У Ўзбекистонда онасига қарши тақдим этилаётган маълумотлар сохталаштирилгани, ҳамда "СНБ ертўласида калтаклар асосида олинган" кўрсатмалар эканини даъво қилган.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги