19:09 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек автомобили Россия автомобил бозорининг энг арзон иномаркалари рейтингида биринчи ўринни эгаллади

31.01.2018 09:24 msk

Фарғона

Ravon R2. Ravon.ru сайти фотоси
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Ravon R2 автомобили 2018 йил январида Россия автомобил бозорининг энг арзон иномаркалари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Рейтин Daily-Motor.Ru экспертлари томонидан тузилган.

Бозор таҳлилчиларига кўра, R2 компакт хэчбекнинг нархи 439 минг рубл (деярли $7800), Россияда 1.25 литрли автоматик узатиш коробкали машина сотилади. Ўзбекистонда бу машина Chevrolet Spark савдо русуми остида сотилади. “GM Uzbekistan” корхонаси сайтида жойлаштирилган прайс-листда машинанинг нархи 64.616.255дан 74.064.275 сўмгача кўрсатилган ($7914,8 - $9072,1).

Энг арзон иномаркалар рейтингининг учинчи позициясида яна битта Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Ravon Nexia автомобили ўрин олган. Унинг нархи 449 минг рубл ($7976,5), бироқ коробкаси автомат эмас. Бу автомобилнинг ҳам экспорт қиймати Ўзбекистондаги нархга нисбатан арзонроқ, у ерда Chevrolet Nexia 73.719.040 – 86.467.975 сўмдан ( $9029,8 $10591,4) сотилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Ravon R4 ва Ravon Gentra рейтингнинг биринчи ўнталигидан ўрин олган. Биринчи автомобилнинг нархи 499 минг рубл ($8864,8) бўлиб еттинчи ўринни, иккинчиси эса 549 минг рубл ($9753) билан ўнинчи ўринни эгалламоқда. Ўзбекистонда бу машиналар Cobalt ва Chevrolet Lacetti номи остида сотилади. GM Uzbekistan прайс-листида Cobalt нархи 83.865.970 - 97.183.305 сўм ($10272,7 - 11903,9), Lacetti – 103.469.370 - 123.994.835 сўм ($12673,9 - 15 188,1).

GM Uzbekistan (“Дженерал Моторс Узбекистан”) акционерлик жамияти айни пайтда автомобилларнинг 10та моделини ишлаб чиқармоқда. Корхонанинг Асака шаҳрида заводи ҳамда Хоразм вилояти Питнак шаҳрида ва Тошкентда филиаллари бор. Корхонада 10 мингдан зиёд ишчи-ходимлар ишлайди. Умумий қуввати – йилига 300 мингта машина ишлаб чиқара олади.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги