19:06 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Олма-Отада ўзбек маҳсулотлари бозори очилади

31.01.2018 09:17 msk

Фарғона

Олма-Отадаги “Самал” бозори. 2gis.kz сайти фотоси
Олма-Отада март ойининг йигирма биринчи куни нишонланадиган Наврўз байрамигача ўзбек улгуржи-чакана бозори очилади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти тадбиркорларининг Тошкент ва Самарқанд вилояти Савдо-саноат палатаси бошқармалари вакиллари ҳамда Олма-Отадаги “Самал” бозори директори Талғат Исаев билан учрашуви давомида эълон қилинди, дея хабар беради “Самаркандский вестник”.

Исақовга кўра, “Самал” бозори 17 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда супермаркет, омборхона, катта юк машиналари учун тўхташ жойи ва меҳмонхона мажмуаси бор. Қозоғистон томони ўзбек тадбиркорларига бозор ҳудудида савдо расталарини очишга рухсат беришни ва шу билан бирга, дастлабки олти ойлик фаолият давомида ижара пулини ундирмасликни қарор қилган.

Қозоғистон таклифига биринчи навбатда мева-сабзавот экспортчилари лаббай дея жавоб беришлари кутилмоқда. Самарқанддан сўнг қозоқ тадбиркори ўз лойиҳасининг тақдимотини Фарғона ва Андижонда ўтказмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, ўтмишда Ўзбекистон расмийлари томонидан қўйилган тақиқлар боис бошқа мамлакатларга мева ва сабзавот экспорти қийинлашиб кетганди. 2016 йилда вазият ўзгарди – ҳукумат тадбиркорларга қатор имтиёзлар берди. Росссия Ритейлер бозори экспертлар ассоциацияси бошқаруви раиси Андрей Карпов ўзбек расмийларининг қарорларидан бирини шарҳлай туриб, “Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг мева ва сабзавотларни Россияга олдиндан тўловсиз етказиб бериш тўғрисидаги қарори россиялик ритейлерлар учун мутлақо фойдали, негаки компаниялар тўловларни кечиктириш шароитида ишлашни афзал кўрадилар”, - деб айтди,

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги