14:56 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда республиканинг собиқ ички ишлар вазири Адҳам Аҳмедбаев ҳибсга олинди

30.01.2018 00:08 msk

Фарғона

Адҳам Аҳмедбаев. Ўзбекистон ИИВ сайтидан олинган архив фотоси
Ўзбекистон собиқ ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев 26 январь, жума куни тушдан кейин Тошкентдаги ўз уйида Президент гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ходимларидан тузилган қўшма оператив гуруҳ томонидан ҳибсга олинди, дея хабар беради “Озодлик” Ички ишлар вазирлигидаги манбага таянган ҳолда.

Озодлик манбаси берган дастлабки маълумотга кўра, 52 яшар собиқ вазир шахсан мамлакат Бош прокурорининг буйруғи билан Бешёғоч яқинидаги квартирасидан қўлига кишан солиниб, ички ишлар вазирлиги ертўласига олиб кетилган.

“Ички ишлар подвалига ёпишди. МВД ва Прокуратура ходимлари генпрокурорнинг буйруғи билан,” деди исми сир қолишини сўраган Ички ишлар вазирлиги юқори лавозимли мулозими. Аҳмедбаевга қандай айблов қўйилгани тўғрисида хабар берилмаган. Манбага кўра, айблов расман 29 январь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Адҳам Аҳмадбоев Ўзбекистон милициясини 2013 йил декабридан 2017 йил январигача бошқарди. Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланишидан бир ой ўтиб Адҳамбоевни вазифасидан олиб, президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинлади. Орадан яна уч ой ўтиб бу вазифадан ҳам бўшатилган генерал-лейтенант Ички ишлар вазирлиги академиясига оддий ўқитувчи этиб юборилди.

Ўзбекистон ИИВ академиясининг ўзини "ректор ëрдамчиси", дея таништирган мулозими Озодлик мухбири билан 26 декабрь кунги суҳбатда Адҳам Аҳмадбоевнинг пенсияга чиқарилганини айтган эди. Аҳмадбоев билан яқин муносабатда бўлиб келган ҳукумат мулозимларидан бири 25 декабрь куни исми сир қолиш шарти билан Озодликка собиқ норасмий уй қамоғига олинганини билдирганди.

Президент Мирзиёев, ўз таъбирида, "сотқинлиги учун" ундан собиқ президент Ислом Каримов 2014 йил августида берган генерал-лейтенант рутбасини олиб ташлаганини маълум қилганди. Шавкат Мирзиёев суд тизимидаги икки раҳбарни турғизиб, Адҳам Аҳмадбоев мисолида уларга кескин огоҳлантириш берганди.

- Аҳмадбоевнинг ҳамма генералларини қайтиб олиб¸ қаерда юрипти биласан. Министр МВД! Сотқинлиги учун. Хиëнатчилиги учун! МВДни министри бунақа хиëнатчи бўлиб¸ бир-иккита тўдага қўшилгани учун ман уни виждоним қабул қилмади¸ Ўзбекистонни Ички ишлар вазири бўлиб туриб¸ погонни¸ иккита генералиниям тортиб олдим. Генерал-лейтенант эмиш!- деганди Шавкат Мирзиёев.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги