19:04 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ёшлари терма жамоаси футболчиларининг ҳар бирига Chevrolet “Malibu” совға қилинди

30.01.2018 00:04 msk

Фарғона

Совринга берилган автомобиллар. Ўзбекистон Футбол ассоциацияси сайти фотоси
Хитойда ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчилари ва мураббийларининг ҳар бирига Ўзбекистон раҳбарияти Chevrolet “Malibu” автомобили совға қилди, дея хабар беради “Газета.uz”.

Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда футболчилар ва уларнинг мураббийларини уларнинг яқинлари ва ишқибозлардан ташқари бош вазир Абдулла Арипов, Миллий Олимпия қўмитаси ва Футбол ассоциацияси раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик кутиб олди.

Осиё чемпионлари учун байроқлар ва “Биз сиздан фахрланамиз” ёзуви билан безатилган тўртта икки қаватли автобус тайёрлаб қўйилган эди.

22 футболчининг ҳар бирига оқ рангли Malibu автомобиллари, тўрт нафар мураббийга эса қора рангли Malibu тортиқ қилинди.

Ўзбекистон мусобақанинг биринчи учрашувида Қатар термасидан мағлубиятга учради (0:1), бироқ кейинги учрашувларда Хитой (1:0), Уммон (1:0), Япония (4:0), Жанубий Корея (4:1) ва Вьетнам (2:1) жамоаларини мағлубиятга учратди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев финал учрашувини кўрганини ва умуман олганда, футбол ривожланишини кузатиб боришини маълум қилди.

“Футбол коррупциясиз, адолат билан қандай натижага эришиш мумкинлигини кўрсатиб берди. Вьетнамга қарши ўйинни юрагимиз орзиқиб томоша қилдик. Улар ватан учун майдонда жанг қилишди. Вьетнам менсимайдиган рақиб эмасди”, - дея билдирди Мирзиёв Қашқадарё вилояти фаоллари билан учрашувда.

Chevrolet “Malibu” автомобилининг Тошкентдаги нархи $26 минг. Москвада худди шунақа автомобилни $16 мингга сотиб олса бўлади.

“Фарғона”халқаро ахборот агентлиги