01:28 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси президенти вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди

30.01.2018 00:03 msk

Фарғона

Ғофур Раҳимов (чапда) ва Франко Фальчинелли
АҚШ Молия вазирлигининг “қора рўйхатига” тиркалган ўзбекистонлик бизнесмен Ғофур Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинган.

Раҳимов шу чоққача AIBA вице-президенти лавозимини эгаллаб келган, бу ташкилот ижроя қўмитасига эса 1998 йилда аъзо бўлган. Ассоциациясининг Дубайда ўтган навбатдан ташқари конгрессида президент вазифасини бажарувчи Франко Фальчинелли кутилмаганда истъфога чиқишини эълон қилди. Унинг ўрнига бу лавозимга Раҳимовни тайинлашди. Ассоциациянинг тўлақонли президентини 2018 йил ноябрда сайлашади.

Раҳимов 1970-чи йилларда Ўзбекистон савдо вазирлигида лавозим поғоналаридан кўтарила бошлаган. Бир вақтнинг ўзида у “Динамо” спорт жамиятида бокс бўйича тренер бўлиб ишлаган. 1990-чи йилларда у бизнес билан шуғуллана бошлади ва экспорт-импорт бўйича компанияни, кейинчалик эса бошқа қатор фирмаларни тузди. 2010 йилда у Ўзбекистонни тарк этди. ОАВ маълумотларига кўра, у ҳозир Дубайда истиқомат қилади. Шунингдек, у Россия фуқаролигини олгани ҳақида хабарлар берилганди.

2012 йилда АҚШ Федерал текширув бюроси Раҳимовни собиқ СССР мамлакатларидаги криминал гуруҳлар тўдабошиларининг “Оғалар доираси” (Братский круг) етакчиларидан бири деб эълон қилди. Шундан сўнг у АҚШ Молия вазирлигининг “қора рўйхати”га киритилди. 2017 йилда Раҳимовнинг номи рўйхатнинг янгиланган таҳририга ҳам киритилди.

2012 йилда Раҳимов фуқаролигини ўзгартиргани боис Ўзбекистон Олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимидан бўшатилди. 2013 йилда уни ватанида ҳам қидирувга беришди. Уни товламачилик, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш, ҳамда жиноят йўли билан топилган даромадларни легаллаштиришда айбладилар. Ислом Каримовнинг қизлари билан тортишиб қолганидан кейин Раҳимовда ноҳушликлар бошланди, деган хабарлар пайдо бўлди. Баъзи маълумотларга кўра, унинг ўзи тор доирада Каримовнинг қизларини бир неча бор ёмонлаб, улардан қасос олишга ваъда қилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги