01:26 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи билан прокуратура шуғулланади

26.01.2018 16:47 msk

Фарғона

Самвел Бабаян. Ozodlik.org сайти фотоси
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ва Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасининг собиқ мураббийи Самвел Бабаян билан республика прокуратураси шуғулланадиган бўлди. Бу ҳақда “Народное слово” газетасига Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг вице-президенти, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов маълум қилди.

Олдинроқ Бабаян виждонсизликда айбланиб футбол фаолиятидан умрбод четлатилганди. Ўтган йили кузда Ўзбекистон 2018 йил Дунё чемпионати саралаш давраси ўйинларида мағлубиятга учрагани учун уни терма жамоа бош муррабийси лавозимидан четлатишганди.

“Самвел Бабаяннинг футбол фаолиятидан четлатилиши – ўз манфаатларини футбол манфаатларидан устун қўядиган барча шахсларга қаратилган бир ишорадир. Биз Бабаяннинг “Пахтакор” ва терма жамоага бош муррабийлик қилганда нималар билан шуғулланганини жуда яхши биламиз. Федерация Низоми ва ўз ваколатимизга мувофиқ биз уни умрбодга четлатдик. Бу тўғридаги ҳужжатлар билан материалларни прокуратурага оширдик. Бундан кейин Бабаян билан қонунга мувофиқ ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари шуғулланадилар”, - деди Аҳмаджонов.

Мулозим шунингдек, мамлакатдаги футбол тизими “назоратдан четга чиқиб кетгани”ни қайд этиб ўтди. Футболни кўп ҳолларда спортга умуман алоқаси бўлмаган “футбололди” одамлари бошқарадиган бўлиб қолдилар. “Улар масъул шахсларнинг беэътиборлигидан фойдаланиб, воситачилик билан шуғалланиб келадилар. Улар ўзларини келишилган ўйинларни ташкил этишда, арбитрларни сотиб олишда, футболчиларни бошқа клубларга трансфер қилишда намоён этадилар, ёш футболчиларнинг ҳужжатларини сохталаштирадилар. Бизда уларнинг баъзилари тўғрисида маълумотлар бор. Агар биз футболни шунақа зараркунандалардан тозаламасак, жаҳон чемпионатига чиқа олмаймиз”, - дея таъкидлади Аҳмаджонов.

Олдинроқ хабар берилганидек, Аҳмаджонов 25 январь куни номи Ўзбекистон Футбол ассоциациясига ўзгартирилган Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти лавозимини тарк этиб, ўз ўрнига сайланган республика бош вазири ўринбосари Ачилбай Раматовга ўринбосар бўлди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги