10:20 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон МХХ раҳбари оиласининг Дубайда 12 млн долларга тенг кўчмас мулки борлиги аниқланди

26.01.2018 16:42 msk

Фарғона

Ўзбекистон МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати) раҳбари Рустам Иноятов оиласи ДУбайдаги турар жой комплексига $12 млн инвестиция киритди. Бу ҳақда Eltuz.Com нашри Open Source Investigation (“Очиқ манба тадқиқотлари”, OSI) лойиҳасига таяниб хабар берди.

Шейх Саиф ибн Зайд аль-Нахайён ва Рустам Иноятов Самарқанддаги учрашувда
Иноятов ўтган йили баҳорда Бирлашган Араб Амирликларига борган: 2017 йилнинг 22 мартида шайх Мансур ибн Зайд ал-Наҳйён Ўзбекистондаги энг қудратли вазир Рустам Иноятовни давлат мулозимига қилинадиган алоҳида эҳтиром билан Абу-Дабидаги президент саройида қабул қилганди. Шайх Мансур ибн Зайд ал-Наҳйён БАА бош вазирининг ўринбосари, президент ишлари бўйича вазир ҳамда глобал манфаатларни кўзлаган тадбиркор саналади. Бу Рустам Иноятовнинг 2016 йилнинг сентябрида БАА бош вазирининг бошқа бир ўринбосари, ички ишлар вазири Саид ибн Зайд аль-Наҳайён Ўзбекистонга келиб кетганидан сўнг жавоб ташрифи бўлди. Ўшанда Рустам Иноятов уни Самарқандда қабул қилганди.

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йил мартида Абу-ДАбидаги учрашув чоғида шайх Мансур ибн Зайд ал-Наҳайён ва Рустам Иноятов «икки мамлакат ва халқ манфаати учун икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари»ни муҳокама этишган. Бироқ «Очиқ манба тадқиқотлари» (Open Source Investigations, OSI) журналистлари билдиришича, Рустам Иноятов ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилиб бу учрашувдан шахсий бойлик орттириш йўлида фойдалангани, ташриф расмий эмас, балки ишчи сафар бўлгани маълум бўлди. OSI қўлида Иноятовлар оиласининг Дубайдаги кўчмас мулк бозорига катта маблағ киритганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд.

Иноятовнинг Абу-Дабига сафаридан тўрт ой ўтиб 2017 йилнинг августида CapitalEngineering Consultancy қурилиш ширкати Жебел Али Индастриал (Jebel Ali Industrial), 1 манзилида жойлашган, Дубай ишчилари учун мўлжалланган турар жой биносининг жорий лойиҳасини амалга ошираётганини эълон қилди. Яъни, бино Дубай ғарбидаги Жебел Али денгиз портида, Яқин Шарқдаги энг йирик эркин савдо зонаси бўлмиш Жафзага яқин ерда қурилади. Объект қиймати 45 млн дирҳамга ($12,250 млн) баҳоланган.


Дубайдаги Иноятовлар оиласига тегишли турар жой комплекси лойиҳаси. OSI сайти фотоси

OSI шарҳида айтилишича, БААда ишчи кучи хориждан келган меҳнат муҳожирларидан иборат. Йирик тадбиркорлар вақтли ишчи-ходимлари учун арзон уй-жой қуришга сармоя ётқизишдан қизғанмайдилар. Мазкур объектлар ишчи-ходимларга хавфсиз, нисбатан қулай шароитда ҳаёт кечириш имкониятини беради ҳамда иш жойидан узоқ бўлмагани учун йўлга вақт ва пулни тежайди.


Дубайдаги беш қаватли турар жой биноси қурилиши учун ажратилган ер участкаси. OSI сайти фотоси

Жебал Али Индастриал, 1 манзилидаги беш қаватли мажмуанинг эгаси сифатида Ўзбекистоннинг 59 ёшли фуқароси Бахтиёр Эргашев кўрсатилган. У Рустам Иноятовнинг кенжа синглисига уйланган. Шунингдек, у МХХ раҳбарининг ишончли вакили саналади. Нефть ва газ экспорти, қурилиш ва пластик карталар чиқариш билан шуғулланувчи йирик «Бениф Груп» (Benif Group) компаниясини бошқаради. Бахтиёр Эргашев МХХ раҳбарининг ўғли Шариф Иноятовнинг Австрияда рўйхатдан ўтказилган «Бениф Ханделс» (Benif Handels GmbH) компаниясидаги шериги ҳамда Венадаги кўп миллионли ҳашаматли уйнинг эгасидир.


Бўлгуси турар жой комплекси қуриладиган жой. OSI сайти фотоси

Олдинроқ OSI тадқиқотчилари Иноятовлар оиласи Австрия ва Россияда йирик объектлар ва компанияларга эгалик қилишини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритганлари ҳақида билдиришган.

Генерал-полковник Рустам Иноятов 73 ёшда, у 1944 йил 22 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод посёлкасида туғилган. Унинг отаси Расул Иноятов Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) полковниги бўлган.


Рустам Иноятов

Рустам Иноятов 1968 йилда Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультети, эрон-афғон филолгияси кафедрасини тамомлаган ва шундан кейин армияда хизмат қилган. Бу ерда уни КГБга қабул қилишган. 1976 йилдан 1981 йилгача Афғонистонда дипломат ниқоби остида совет резидентураси ходими бўлиб ишлаган. 1995 йил 27 июндан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимини эгаллаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги