01:27 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги хусусий клиникалар шошилинч ёрдамни бепул кўрсатадиган бўлди

26.01.2018 16:39 msk

Фарғона

Тошкентдаги хусусий “Тез ёрдам” автомашинаси. 1news.uz сайти фотоси
Ўзбекистондаги мулк шаклидан қатъий назар, тегишли вазиятларда тиббиёт муассасаларининг барчаси беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатади. Малакали тез тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш қонун бўйича тақиқланади. Бу ҳақда 25 январь куни президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорда сўз юритилади.

Ўтган йили мамлакат бўйича 1269 дона ихтисослаштирилган тез тиббий ёрдам автотранспорти харид қилиниб, ҳудудларнинг талаби тўлиқ қондирилди. Тез тиббий ёрдам бригадаларининг дори воситалари билан таъминланиши икки баробарга оширилганига қарамасдан тез тиббий ёрдам самарадорлиги ҳали белгиланган талабларга жавоб бермайди. Тез тиббий ёрдам бригадаларини дори препаратлари ва тиббий буюмлар, шунингдек ихтисослашган ускуналар билан таъминлаш даражаси пастлигича қолмоқда.

Ҳужжатга биноан, 2018 йилда Тошкент тез ёрдам станцияси ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудий филиаллари базасида диспетчерлик хизматлари ишга туширилиб, уларга куну-тун 103 рақами орқали қўнғироқ қилиш мумкин. Жорий йилда Тошкент ва вилоятлар марказлари, келгуси йилдан барча туман ва аҳоли пунктларида call-марказлар ишга тушади. Бундан ташқари, Қамчиқ довонида ҳар 20 километрида биттадан тез тиббий ёрдам машинаси бўлади.

Барча тез тиббий ёрдам машиналари GPS-навигаторлар билан, бригадалар эса рациялар билан таъминланиб, чақирув бўйича бориш вақтини қисқартиришга эришилади. GPS шарофати билан диспечерлар (эндиликда ушбу лавозимга шифокорлар тайинланади) машиналарнинг турган жойини аниқлаб, беморга яқинроқ манзилдаги машиналарни йўналтиради.

Қарорда тез тиббий ёрдам машиналарини янги муддатлари ҳам белгиланди. Унга кўра шаҳарларда саккиз йил, қишлоқ туманларида эса етти йил хизмат кўрсатади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги