19:09 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон дўконлари ва бозорларида оммавий назорат ҳаридлари амалга оширилади

26.01.2018 16:35 msk

Фарғона

“Ўзстандарт” агентлиги дўконлар, бозорлар ва бошқа савдо расталарида сотилаётган товарларнинг назорат ҳаридларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Ушбу процедурани ўтказиш бўйича Низом лойиҳаси Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг (ССП) 28 январь куни ўтадиган Экспертлар кенгашида муҳокама қилинади, дейилади ташкилот сайтида.


Самарқанддаги бозор. Андрей Кудряшов фотоси, «Фарғона»

ССП маълум қилишича, ҳужжат лойиҳаси шаффофликни кўзда тутади. Назорат ҳаридини “Ўзстандарт” мутахассислари телеканаллар вакиллари иштирокидан ўтказадилар, лаборатория текширувлари натижалари оммавий ахборот воситаларида ёритилади. Сифатсиз дея топилган маҳсулот Ягона ахборот маълумотлари базасига келиб тушади ва у журналистлар учун очиқ бўлади.

“Ўзстандарт” яқинда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан биргаликда Тошкентдаги йирик “Ўрикзор” бозорида болалар ўйинчоқларининг баъзи турлари бўйича назорат ҳаридини ўтказди. Текширув стандарт меъёрларининг бузилишларидан ташқари баъзи намуналарда саратон қўзғатувчи модда – формальдегид борлигини аниқлади.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида тез-тез у ёки бу товар сифати борасида шикоятлар билдирилиб, назорат органларининг эътиборини қаратмоқчи бўлишади. Назорат ҳаридлари илгари ҳам ўтказилган, бироқ асосан озиқ-овқат маҳсулотларга эътибор қаратилиб, ёппасига текширувлар ўтказилмаган ва унинг ўтказилиш жараёни шаффоф бўлмаган. Экспертизага асосан супермаркетлардан товарлар жалб қилиниб, бозорлардаги вазият эътибордан четда қолиб кетаверган.

Бир неча йил олдин бу каби тадбирлар назорат органлари томонидан ташкил этилар ва уларнинг мақсади тадбиркорлардан пора ундириш бўларди. Бу ҳақда “Фарғона” бир неча бор хабар берганди. Бироқ баъзи савдо дўконларига, масалан, Ислом Каримовнинг қизлари эгалик қилаётган “Абу Саҳий” бозорига назоратчилар кира олмасдилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги