22:30 msk, 22 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғона ҳокими фуқароларнинг Ҳажга ва Россияга боришини тақиқлади

26.01.2018 16:33 msk

Фарғона

Шуҳрат Ғаниев
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилиши ўтказиб, Тошлоқ туманидаги барчани (Ақтўбедаги фожиада қурбон бўлганларнинг 16 нафари шу тумандан эди) Фарғона вилоятини республикада шарманда қилишда айблаган. Ҳоким ўз айбловларини қўпол сўзлар билан ифодалаб, тошлоқликларни Ҳаж зиёратига боришдан маҳрум қилган, дея хабар беради Kun.Uz.

“Эшитиб қўйинглар, тошлоқликлар! Яна бечора вилоятликлар 80 миллион сўм ҳомийлик қилишга мажбур бўлди. Ҳар бири учун 5 миллион сўмдан. Буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ”, дея таъна қилади ҳоким.

Шундан сўнг у ўз ёрдамчиларидан бирига Ҳаж сафарига бориш учун рўйхатдан ўтган тошлоқликларнинг барчасининг номини ўчириш бўйича кўрсатма берган.

Ҳоким ҳалок бўлган йигитларнинг ота-оналарига таъна тошларини ёғдира бошлади: “20 яшар, 22 яшар, уйланмаган йигитлар кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти, карахтми улар? Энди бечора участка нозири айбдор қилинади. Маҳалладагилар турибди тишини ковлаб. Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Ғаниев урди (!), ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб”, дея у ОАВда ўзини танқид қилиб чиқишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.

Шуҳрат Ғаниев Тошлоқ тумани ҳокими Ҳ.Умаровни қаттиқ ҳақоратлаб, туман аҳолисига қарата лаънат айта бошлади. “Икки-учтадан хотин қилганиям Тошлоқда, хотинларни қўйвориб, болаларни етим қилиб, алимент тўламай юрганларам Тошлоқда. Падаринга лаънат, сан тошлоқликларни... Ҳокимдан бошлаб ҳаромилар. Республикага бутун вилоятни шарманда қиладиганлар. Бозор устидан ёзадиганларам Тошлоқда, бозорда ўзи эшакминди ўйнайдиганларам Тошлоқда (бироз аввалроқ матбуотда Тошлоқ туманидаги деҳқон бозори қаттиқ танқид қилиб чиқилганди - таҳр). Қўлингдан кемаса чиқиб кет ҳозир залдан, ҳоким бўлиб ўтирмасдан. Мард бўлсанг, шундай чиқиб кет-да, йўқолиб кет! Йўқолиб кет! Номард!”, дейди у.

Ҳоким тошлоқликларнинг 2005 йилда митинг қилганини ҳам эслаб ўтган: “Митинг қилган ҳам шулар бўлади, 2005 йилда ички ишлар ходимларини тош отиб қувлаганлар шу ҳаромилар эди. Қаралмаса, шунақа бўлади”, дейди ҳоким.

Шундан сўнг, ҳоким Ақтўбе мавзусига яна қайтган. У фарғоналикларнинг ташқи миграциясини ҳам тақиқлаган. У бундай воқеаларнинг олдини олиш учун Фарғонадан Тошкентга қатновчи киракашлар билан ҳамкорликда иш олиб боришни кўрсатма қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил ноябрда президент Шавкат Мирзиёев “раҳбар ўзининг ахлоқи ва маданияти билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак” деб билдирганди. Бироқ “кўплаб раҳбарлар мансаб ваколатини суистеъмол қилиб қўл остидаги ходимларни ҳақорат қиладилар, уларга қўпол муносабатда бўладилар ва ҳатто қўл кўтарадилар ҳам. Бу биз учун мутлақо номақбул хулқ саналади. Бунақа дардни таги-томири билан йўқ қилиш керак, унинг даври ўтди. Энди одамлар бунга чидаб ўтирмайдилар”, - дейди президент “Газета.Uz” келтирган иқтибосда.

“Республикада аҳолиси сони бўйича иккинчи ўринда бўлган ҳудуд - Фарғона вилояти ҳокими эса етарли иш ўринлари яратганида, тадбиркорлик учун мўл шароитлар қилиб берганида шундай оқибатлар келиб чиқмаган бўлишини ўйлаб кўрмадими? Ҳоким фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқларини чеклашга, Ҳажни тақиқлашга, Россияга бориш-келишни тақиқлашга ҳақлими? Ўзбекистон 52 фарзандини йўқотиб, мотам қилаётганида бу ҳоким инсонни қанчалар қадрлашини намойиш этиб берди”. – дея ушбу хабарга якун ясайди Kun.Uz нашри.

Ҳоким ўзини ёзиб чиқишларидан қўрқмаслигини баралла айтди ва мана энди халқ ўз «қаҳрамон»ларидан бирининг асл юзини кўриши, унга баҳо бериши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги