19:02 msk, 19 Февраль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқандда иккинчи трамвай линияси иш бошлайди

26.01.2018 16:31 msk

Фарғона

Самарқандда 30 январь куни иккинчи трамвай линиясини ишга киритиш режалаштирилмоқда. Йўналиш бўйича синов ҳаракати 25 январь пайшанба куни бўлиб ўтади, дея хабар беради “Самаркандский Вестник” Фейсбукдаги ўзининг саҳифасида.


Самарқанддаги трамвай. «Самаркандский Вестник» фотоси

Янги линия “Вокзал” ва “Сиёб бозори” бекатларини туташтиради.

“Самарқандга етарли миқдордаги трамвайлар келтирилди, ҳозир уларни эксплуатацияга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Асосий кучлар рельс ёнидаги йўлларни асфальт қилишга йўналтирилган. Иккинчи йўналишнинг барча бекатлари тайёр бўлди, уларнинг сони 18 та. Линия 5 километрдан иборат вагонлар ҳар етти минутда ҳаракатланади. Йўлга жами 20 дақиқа вақт кетади”, - деди трамвай линияларини эксплуатация қилиш корхонасининг директори Файзулла Муртазаев.

У шунингдек, Самарқанддаги учинчи трамвай йўллари тўғрисида айтиб ўтди. Бу йўл Буюк Ипак Йўли кўчасини “Кимёгарлар” поселкаси билан боғлайди.

“Учинчи маршрут тармоғи Спитамен кўчаси бўйлаб ётқизилади. Трамвай-автобус парки трамвай ҳайдовчиларини тайёрлашда давом этмоқда”, - деди Муртазаев.

Самарқандда жами тўртта трамвай линиялари қурилиши режалаштирилмоқда.

Бу шаҳарда биринчи трамвайлар 1924 йилда ҳаракатлана бошлаган. Электрда ишлайдиган трамвай 1947 йил 1 май куни ишлашни бошлаган. 1973 йилда Самарқандда трамвай ҳаракати тўхтатиб қўйилган: трамвай линияси бузиб ташланган, вагонлар металломга чиқариб ташланган. 2016 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда трамвай ҳаракатини тиклаш ташаббусини кўтариб чиққан, келгуси йилнинг апрелидан бошлаб биринчи маршрут ишга туширилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги