22:21 msk, 22 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Қозоғистонда ҳалок бўлган фуқароларнинг фожиавий тақдирида Ўзбекистон раҳбариятининг айби борлигини тан олди

22.01.2018 23:09 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ҳалок бўлган фуқароларнинг фожиавий тақдири учун Ўзбекистон раҳбариятининг айбини тан олди.


Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

“Кечаги бўлган фалокатлар кўп нарсалардан одамга далолат қиладики, халқимиз олдида ҳали қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун уларнинг бегона юртларда иш қидириб юрганлари, бу албатта, давлат нуқтаи-назаридан, давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарларда бўлган энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида [бартараф] қилмаганимиздан далолат беради”, — дея тан олди давлат раҳбари Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким Термизий мақбарасига ташрифи чоғида.

“Улар бегона юртларда сарсон-саргардон, деган гап бекор гап эмас. Бечоралар, уларнинг ҳам умиди бор Худодан, не ниятлар билан боламни боқаман, отамга бир сўм олиб келаман деб [кетишган]. Ёш-йигитлар ҳаммаси… Ҳаммаси ўзбекистонликлар. Албатта, одам жуда катта қайғуда. Ота-оналарга ҳамдардлик юбордик”, - дейди Мирзиёев “Газета.Uz” келтирган иқтибосда.

Ўзбекистон ТИВ маълум қилишича, 19 январь куни 22:23 да Ўзбекистон ҲҲКнинг “Ил-76” ҳарбий-транспорт самолёти 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобус ёнишида ҳалок бўлган 52 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадларини Тошкентга олиб келди.

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёевнинг президент лавозимидаги ўтмишдоши ўзга юртларга тирикчилик мақсадида чиқиб кетган юртдошларига нафрат назари билан қарарди. “Ўзбекистонда бунақа дангасалар борган сари камайиб кетяпти. Мен кимни дангаса деб ҳисоблайман? Москвага бориб кўча ва майдонларни супураётганларни. У ерда уларга нима бор? Бундан одам жирканадику. Ўзбек миллати ўзини шунақа пастга урадими, узоқ-узоқларга бориб, бир бурда нон учун ўша ерга бориш керак бўлиб қолибди. Ўзбекистонда, Худога шукур ҳеч ким очдан ўлмаяпти! Мен уларни дангасалар дейман, чунки улар катта пулни тезроқ, қисқа муддатда ишлаб олмоқчи бўладилар, улар ҳаммамизни шарманда қиладилар”, - деб билдирганди Каримов.

Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон хорижий мамлакатларда меҳнат мигрантларининг мавжудлигини тан олмас, улар бошига тушган кулфатлар, муаммоларига эътибор қаратмасди. Мисол учун, 2015 йил 15 мартда Россиянинг “Брянск-Новозибков” трассасида 19 нафар Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган микроавтобус аварияга учраганида, 17 киши ҳалок бўлган ва 11 нафар Ўзбекистон фуқароларининг жасадини юртига “Русский Стандарт Страхование” компанияси пули эвазига жўнатилган эди. Ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти индамай жим турган.

Мирзиёев президент лавозимини эгаллаганидан сўнг республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон энди меҳнат мигрантларининг муаммоларига муносабатини ўзгартиришини уларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини тан олишини ва бундан бери уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишини билдирганди. Ақтўбе вилоятида фожиа содир бўлган кунда уни текшириш бўйича республика бош вазири раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳалок бўлганлар учун умуммиллий мотам эълон қилса керак, деб тахминлар изҳор этилди бироқ бундай бўлмади.

Баъзи маълумотларга кўра, бугунги кунда 32 миллионли Ўзбекистон аҳолисидан 3 миллионга яқини хорижий мамлакатларга пул ишлагани чиқиб кетган. Улардан 1.7 млн Россияда, 17 минг киши – Жанубий Кореяда. 2017 йилнинг биринчи 9 ойи давомида Россиянинг миграция рўйхатига 3.109.341 Ўзбекистон фуқаролари киритилган. Январдан сентябргача Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми $2,636 млрд ни ташкил этиб, бу 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 31% га кўп.

Эслатиб ўтамиз, Жибек жоли поселкасидан (Жанубий Қозоғистон вилояти) Қозонга (Россия) йўл олган Setra русумли автобус Актюбинск вилояти Иргиз туманида, Самара-Шимкент автомобиль йўлининг 1069 километрида маҳаллий вақт билан соат 10:30 да ёниб кетди. Ёнғинда 52 киши ҳалок бўлди, беш киши – икки ҳайдовчи билан уч йўловчи автобусдан қочиб чиқиб омон қолдилар.

Шавкат Мирзиёев 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ҳалок бўлган фуқароларнинг фожиавий тақдири учун Ўзбекистон раҳбариятининг айбини тан олди.