01:27 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон ИИВ автобусдаги ёнғиннинг дастлабки сабабларини айтиб ўтди

19.01.2018 22:27 msk

Фарғона

Қозоғистоннинг Актюбинск вилоятида автобус ёниб кетишининг сабаби салонда бензин манбали очиқ аланга бўлиши мумкин, дея маълум қилади Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати. “Дастлабки фараз – автобус салонида бензин манбали очиқ оловдан фойдаланиш ёнғинга сабаб бўлган ва буни ҳайдовчилар ва йўловчилар тасдиқлаяптилар”, - дея хабар беради ТАСС Қозоғистон ИИВ матбуот хизматига таянган ҳолда. Олдинроқ ёнғин сабаби сифатида электр симларининг туташиб кетиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Идора маълумотига кўра, криминал ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси характердаги версиялар “мутлақо истисно этилмоқда”.

“Айни фурсатда автобус ичидан ёниб кетган 52 та жасад қолдиқларининг ҳаммаси чиқариб олинган. Жасадлар куйиб кетгани боис уларни визуал идентификация қилишга ярамайди. Тезкор тергов гуруҳи ўз ишини давом эттирмоқда”, - дея хабар беради ИИВ.


Ёнаётган автобус. Қозоғистон ФВҚ фотоси

Олдинроқ Қозоғистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Ерлан Турғумбаев Актюбинск вилоятидаги автобус бахтсиз ҳодиса туфайли ёниб кетган бўлиши мумкин, деб билдирганди.

Турғумбаев маълум қилишича, жабрланувчиларнинг кўрсатмаларига кўра, ёнғин салон ичида бошланган. Аввалига “аччиқ тутун” пайдо бўлган, кейин бўлса ҳайдовчи эшикни очганида “автобус ичига кислород кириб, автобус ичидан алангаланиб кетган ва ташқарига чиқишнинг иложи бўлмай қолган” дея тушунтирди у.

Ўша пайтнинг ўзида марҳумларнинг жасадларини текширувдан ўтказган Ақтўбедаги паталоганатомлар автобус йўловчилари бўғилишдан эмас, балки термик куйиш натижасида ҳалок бўлгани борасида хулосага келдилар, дея хабар беради “Казинформ”.

Эслатиб ўтамиз, Жибек жоли поселкасидан (Жанубий Қозоғистон вилояти) Қозонга (Россия) йўл олган Setra русумли автобус Актюбинск вилояти Иргиз туманида, Самара-Шимкент автомобиль йўлининг 1069 километрида маҳаллий вақт билан соат 10:30 да ёниб кетди. Ёнғинда 52 киши ҳалок бўлди, беш киши – икки ҳайдовчи билан уч йўловчи автобусдан қочиб чиқиб омон қолдилар. Қозоғистон ва Ўзбекистон содир бўлган фожиани текшириш бўйича ҳукумат комиссияларини тузди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги