18:07 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Бош вазири Қозоғистондаги автобус билан боғлиқ фавқулодда ҳодисани текшириш бўйича комиссияга раҳбар этиб тайинланди

19.01.2018 13:39 msk

Фарғона

Ёнаётган автобус. Aktobenews.kz сайтидан видеоёзувдан кадр
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистонда содир бўлган фавқулодда ҳодисани текшириш бўйича ҳукумат комиссиясига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда РИА Новости республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилига таяниб хабар бермоқда.

Унга кўра, комиссия президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан тузилган. Унинг таркибига ТИВ, ИИВ, ФВВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган. Комиссия Қозоғистон ҳукумати билан биргаликда ҳалок бўлганларнинг шахси ҳамда фожианинг сабабларини аниқлаш бўйича иш олиб боради.

Дастлабки маълумотларга кўра, автобуснинг ичида 55 та йўловчи ва икки ҳайдовчи бўлган. Беш киши автобусдан чиқиб омон қолган, уларнинг ичида икки нафари 29 ёшли Аҳрор Исақов ва 37 ёшли Исроилжон Мирзаҳмедов - Ўзбекистон фуқароларидир.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари бор, бироқ уларнинг аниқ сони номаълум. Уларнинг жасадлари Ақтўбе шаҳридаги (вилоят маркази) марказий ўликхонага келтирилади. “Қариндошлари келиб мурдаларнинг шахсини аниқлашга кўмаклашадилар. Ақтўбеда уларни ёришади, шундан кейин Ўзбекистонга жўнатишади. Ўша ерда уларнинг шахси аниқланади”, - дея хабар беради Tengrinews.Kz вилоят ҳокимлигига таянган ҳолда.

Ёнғин ҳолати бўйича Қозоғистон Жиноят кодексининг 345-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилади.

Жибек жоли поселкасидан (Жанубий Қозоғистон вилояти) Қозонга (Россия) йўл олган Setra русумли автобус Актюбинск вилояти Иргиз туманида, Самара-Шимкент автомобиль йўлининг 1069 километрида маҳаллий вақт билан соат 10:30 да ёниб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин электр таъминот симларининг туташиб кетгани оқибатида чиққан. “Автобус тўхтади, ҳайдовчилар автобусдан сакраб чиқдилар. Одамлар чиқишга қараб югурдилар, бироқ ён томондаги эшик очилмай қолган”, - дея ёзади “Спутник-Казахстан”.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги