01:27 msk, 21 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Актюбинск вилоятида ёниб кетган автобусда омон қолган одамларнинг номи маълум бўлди

18.01.2018 16:30 msk

Фарғона

Ёниб кетган автобус. Қозоғистон ФВҚ матбуот хизмати фотоси
Қозоғистоннинг Актюбинск вилоятида йўловчилари билан ёниб кетган автобусда омон қолган одамларнинг номи аниқланди. Омон қолган беш кишининг ҳаммаси ҳушида: улардан уч нафари – Жанубий Қозоғистон вилоятидан, яна иккитаси – Ўзбекистон фуқароларидир, дея хабар беради Informburo.kz:

Исақов Аҳрор, 1988 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси;

Мирзаҳмедов Исроилжон, 1980 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси;

Пернебеков Максат, 1985 йилда туғилган, ЖҚВда истиқомат қилади;

Кыргызбаев Нуржан, 1968 йилда туғилган, ЖҚВда истиқомат қилади;

Танатаров Барат, 1978 йилда туғилган, ЖҚВда истиқомат қилади.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмита вакили Руслан Иманқулов бошқа маълумотларни берди: омон қолганлардан иккита ҳайдовчи, Қозоғистон фуқароси ва учта йўловчи Ўзбекистон фуқароси.

Фавқулодда ҳодиса Самара-Чимкент трассасида, Қалибай поселкасидан 10 километр ва Ақтўбедан 320 километр масофада 18 январь куни эрталаб содир бўлган. “Икарус” русумли автобус 55 та йўловчи ва икки ҳайдовчи билан (иккови Қозоғистон фуқаролари) Ўзбекистондан Россияга йўл олган. Ёнғин ҳаракат пайтида чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин электр таъминот симларининг туташиб кетгани оқибатида чиққан. Автобусда 52 киши тириклайин ёниб кетган, уларнинг ҳаммаси – Ўзбекистон фуқаролари.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистондаги автобусда 52 нафар йўловчининг тириклайин ёниб кетиши билан боғлиқ фожиа муносабати билан “тезкор алоқа линиясини” очди. Вазирлик сайтида содир бўлган ҳодиса тўғрисида маълумот олиш мумкин: +998-71-147-10-50, +998-71-212-67-00.

Шунингдек, Қозоғистон ИИВ фавқулодда вазиятлар қўмитасининг “тезкор алоқа линияси” ҳам ишлаяпти: +7-7132-56-29-62, +7-7132-56-68-85.

Олма-Отадан Иргиз туманига Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходимлари зарур ёрдам кўрсатиш учун йўл олдилар, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВ.

Актюбинск вилояти ИИВ департаменти матбуот хизмати вакили Виталий Синев маълум қилишича, автобуснинг ён эшиги очилмай қолган ва шунинг учун ҳам одамлар ўз вақтида автобус салонини тарк эта олмаганлар.

“Автобус тўхтади, ҳайдовчилар автобусдан сакраб чиқдилар. Одамлар чиқишга қараб югурдилар, бироқ ён томондаги эшик очилмай қолган”, - дейди Синев “Спутник-Казахстан” келтирган иқтибосда.

Ўзбекистон ФВВ автобусда ҳалок бўлган йўловчиларнинг жасадларини олиб кетиш учун Қозоғистонга самолёт жўнатадиган бўлди. Бу ҳақда “Фарғона” агентлигига идоранинг “тезкор алоқа линияси”да маълум қилдилар. Самолёт қачон учиши тўғрисида маълумот берилмаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги