22:22 msk, 22 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2017 йилда Ўзбекистон Россиядан 109 минг тонна шакар импорт қилди

18.01.2018 14:31 msk

Фарғона

Ўзбекистон 2017 йилда Россиядан 109 минг тонна шакар импорт қилди. Бу ҳақда “Союзроссахар” – Россия шакар ишлаб чиқарувчилари уюшмаси маълум қилди.

Ташкилот қайд этишича, Ўзбекистон Россия учун истиқболли бозор бўлиб қолмоқда. Аграр бозор конъюктураси институтининг (Института конъюнктуры аграрного рынка – ИКАР) етакчи эксперти Евгений Иванов “Агроинвестор” нашрига маълум қилишича, “октябрь охиридан бошлаб Ўзбекистонга экспорт сурати ўсиб борган ва декабрнинг сўнги саналарида жуда катта миқдорда шакар юклаб жўнатилган”.

Турли маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг шакарга бўлган эҳтиёжи йилига 700 миндан 1 миллион тоннагача боради. 1996 йилда қурилган “Хоразм шакар” ва 2014 йилда эксплуатацияга киритилган “Ангрен шакар” заводлари бу эҳтиёжни тўлиқ қоплаши кутилганди. Бироқ 2017 йил ноябрда норасмий маълумотларга кўра заводлар валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммолар боис тўхтаб қолган. Бу ички бозорга таъсир кўрсатган ва Тошкентда ноябрда шакар 35-40%га қимматлаган.

“Озодлик” радиоси маълумотига кўра, ноябрь бошида иккала заводнинг ишчи-ходимлари ўз ҳисобидан 10 январгача таътилга чиқиб кетдилар. Кейинчалик бу муддатни 10 апрелгача узайтирилди. Иккала корхона ҳам ўзини банкрот дея эълон қилиши мумкинлиги борасида хавотирлар изҳор этилмоқда.

Шу билан бир пайтда, бир гуруҳ россиялик инвесторлар Тошкент вилоятида шакар заводи қуришни режалаштираётганлари ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Корхона Россия хом ашёсида ишлайди. Уни ким қуради-ю, завод қанча пулга тушади, шунингдек, унинг қачон ишга тушиб кетиши мумкинлиги борасида маълумотлар йўқ.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги