22:42 msk, 22 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Икки ой ичида Ўзбекистон олтин-валюта резерви 0.6 млрд долларга кўпайди

17.01.2018 10:48 msk

Фарғона

Ўзбекистон Марказий банк биноси. Uzavtoyul.uz сайти фотоси
2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон олтин-валюта захираси 26,6 млрд долларни ташкил этди. Бу йил бошланишига нисбатан 1,4 млрд долларга кўп ҳамда Марказий банк илк бор мамлакат олтин-валюта захиралари ҳажми тўғрисидаги маълумотни очиқлаган ноябрдан бери $0,6 млрд га ўсган, дея хабар беради МБ матбуот хизмати.

Илк бор олтин-валюта захираси ҳажми ҳақидаги маълумот 2017 йил ноябрида расман эълон қилинган эди. Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов улар ҳажми фақатгина куз бошидан 750 млн долларга кўпайиб, 26 млрд долларни ташкил этганини маълум қилган эди.

Банкларга нақд пул тушуми ошди. Жумладан, 2017 йилнинг биринчи ярмида банк кассалари орқали нақд пул айланмаси бир ойда ўртача 4,8 трлн сўмни ташкил этиб, 900 млрд сўм миқдордаги нақд пул эмиссия қилинган бўлса, йилнинг иккинчи ярмида бу кўрсаткич қарийб 2 баробарга ортиб, 9,4 трлн сўмга етди, жумладан 2017 йилнинг декабрида 2,3 баробарга кўтарилиб, 11 трлн сўмгача етди. Бунда нақд пулдаги даромад ва харажатлар ўртасидаги мувозанат таъминланган.

Пул-кредит соҳасидаги ислоҳотлар ҳам тижорий банклар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди. Жумладан, банк активлари ва кредит қўйилмалари ҳажми 2 баробарга ошиб, мос равишда 166,6 трлн сўм ва 110,6 трлн сўмни ташкил этди. 2017 йил якунлари бўйича тижорий банкларда жами депозитлар ҳажми 58,7 трлн сўмга етиб, 2016 йил билан таққосланганда 61 фоизга кўпайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги