14:55 msk, 20 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда чет элликлар учун прописка арзонлади

17.01.2018 10:45 msk

Фарғона

Тошкентдаги янги қурилган уйлар. Андрей Кудряшов фотоси, "Фарғона"
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келган, яшаш гувоҳномасини олган, бироқ республиканинг бошқа ҳудудларида пропискага эга бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар-жисмоний шахслар пойтахт ва пойтахт минтақасида янги қурилган уйларда қиймати 600 млн.сўмдан кам бўлмаган уй-жой кўчмас мулк сотиб олишга ҳақли, дея хабар беради Norma.uz.

Шундай қилиб, Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтишни истаган бошқа давлат фуқаролари учун тўлов нархи икки баробар арзонлади. Илгари бундай битимларнинг минимал суммаси – 150 минг АҚШ долларини (шарҳ эълон қилинган кунда 1 млрд 221 млн 957 минг сўмни) ташкил этган эди.

Шу билан бирга бундай битимларни нотариал тасдиқлаш учун давлат божининг энг кам миқдори ҳам камайтирилади (битим суммасининг 10%).

Тошкентга кўчиб келиб яшашни истайдиган бошқа ўзбекистонликлар учун эски қоидалар ўзгармай қолди. Пойтахт пропискасини олмоқчи бўлганлар янги қурилган уйлардан нархи энг кам иш ҳақининг 2500 баробаридан кам бўлмаган нархда квартира сотиб олишлари керак бўлади. Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда энг кам иш ҳақи 172.240 сўмга тенг.

Шундай қилиб, тошкентлик мақомини олмоқчи бўлган ўзбекистонликлар 430.6 млн сўм ёки 53 минг доллар тўплаши керак. Ўртача ойлик 1 453 000 сўм бўлса, керакли миқдордаги пулни тўплаш учун 23 йил керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, янги қурилган уй-жой деганда фойдаланишга қабул қилинган пайтдан эътиборан 3 йилдан кўп муддат ўтмаган бино, иншоот тушунилади. Янги қурилган уй-жойдаги кўчмас мол-мулкка мулк ҳуқуқи туман (шаҳар) ҳокимининг Қурилиши тугалланган бинони ва иншоотни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатнома тасдиқлаш ҳақидаги қарори асосида вужудга келади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги