18:28 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда аэрокосмик саноат барпо этилади

11.01.2018 19:00 msk

Фарғона

Ўзбекистон расмийлари Миллий авиация саноатини қайта тиклаш ҳамда иқтисодиётнинг янги тармоғи сифатида аэрокосмик саноатни шакллантиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури лойиҳасининг 117-бандида сўз юритилади.


Track-Traiding.com фотоси

Ҳужжатга кўра, 2018 йил 10 ноябргача мамлакатда миллий авиация саноатини қайта тиклайдиган ҳамда иқтисодиётнинг алоҳида сектори сифатида аэрокосмик соҳани шакллантирадиган махсус орган тузилади. 2018-2035 йилларга мўлжалланган тегишли стратегия улкан режаларни амалга ошириш учун асос бўлиб қолади.

Авиацияни ривожлантириш ва коинотни ўзлаштириш учун масъул вазирлик ва идоралар олдига қўйилган вазифалар қаторида қуйидагилар белгилаб берилган: соҳанинг моддий ва илмий базасини шакллантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, уларни хорижий таълим муассасаларида малакасини ошириш механизмларини яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш чораларини кўриш.

Афтидан расмийлар илгари “В.Чкалов номли Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси” дея номланган ва айни пайтда “Тошкент механика заводи” дея аталаётган корхонага эътибор қаратадиганга ўхшаяпти. Эллик йил олдин деярли 20 минг кишини иш билан таъминлаган бу корхонада Ил-76 транспорт самолётлари ҳамда йўловчи ташийдиган Ил-114 самолётларини ва Ан-70 самолётлари учун қанотларни ишлаб чиқарилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги