10:04 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Бош прокуратура академияси очилади ва олий таълим муассасаларига қабул квотаси кўтарилади

11.01.2018 15:19 msk

Фарғона

2018 йилда Ўзбекистонда Бош прокуратура академияси очилади ва олий таълим муассасаларига (ОТМ) қабул квотаси кўтарилади. Бу ҳақда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури лойиҳасида сўз юритилади.


Ўзбекистон ОТМ талабалари Миллий университетда ўқиётган ёшлар форумида. Sos-Kd.uz сайти фотоси

Бош прокуратура академиясини 2018 йил 1 май куни очиш режалаштирилмоқда. Расмийлар таркибига ўқув бинолари, спорт ва рекреацион объектлари кирувчи мажмуа қуришга қарор қилдилар.

Айни пайтда Ўзбекистон бош прокуратураси қошида Олий ўқув курслари фаолият юритмоқда. Бу ерда прокуратура органлари ходимлари бир ой давомида ўз малакаларини оширадилар, раҳбарлар эса ярим йиллик қайта тайёрлов курсларини ўтайдилар. Прокуратура органларига олий юридик маълумотга, айрим ҳолатларда эса ахборот-коммуникация соҳасида олий маълумотга эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда прокуратура органлари ходимларини бир неча бор танқид қилди. “Биз прокуратура органлари ходимларининг 80 фоизини алмаштириб, олдинги ахлатдан тозаладик”, - деганди у августда. Ўшанда у “олдинги ўғри тизимдан қолган 15-20 фоизини” ҳам ҳайдашга ваъда қилганди.

Июлда Ўзбекистон раҳбариятининг суд органлари ходимларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун Адолат академиясини тузиш режаси ҳақида хабар берилганди. Унинг очилиши 2018 йил 30 июнь кунига белгиланган.

Давлат дастурига мувофиқ 2018 йил 20 февралида “Илм-фан тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқарилиши, 20 июлда – “Таълим тўғрисида” қонунининг янги матни тақдим этилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳада Ўзбекистон ОТМга 2018/2019 ўқув йилига қабул квотасини 20 фоизга ошириш кўзда тутилган. Бунга 91 млрд сўм ($11,2 млн) ажратилади. Ёшлар иттифоқидан тавсия тақдим этган абитуриентлар ҳамда тегишли сертификатга эга бўлган ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар алоҳида квота бўйича ўқишга қабул қилинади.

Олдинроқ Ўзбекистон президенти Соғлиқни сақлаш вазирига 2018 йилда тиббиёт ОТМга абитуриентлар қабул қилиш бўйича мақсадли квоталарини кўпайтиришга топшириқ берди.

Эслатиб ўтамиз, 2017/2018 йилда Ўзбекистон ОТМ бакалавриятларига қабул квотаси 66.316 ўринни ташкил этган. Бундан ташқари, “суперконтракт” асосида қўшимча талабаларни қабул қилиш ташкил этилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги