18:41 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Экин майдонларидан самарали фойдаланмаган ўзбек фермерларини жаримага тортиш таклиф этилди

10.01.2018 14:30 msk

Фарғона

Ўзбекистон расмийлари фермерлар ва қишлоқ хўжалиги мақсадида фойдаланидан ерлар эгалари ўз томорқаларидан иложи борича самарали фойдаланишлари учун чора кўрадилар. Мисол учун, ажратилган чекдан сифатсиз фойдаланган, унинг ифлосланишига йўл қўйгани учун келгусида энг кам иш ҳақининг уч баробаридан 20 баробаригача миқдорда жаримага тортишлари мумкин бўлади (Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 172.2 минг сўм ёки $21,2). Nuz.Uz хабар беришича, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси томонидан ер тўғрисидаги қонунчиликка тузатишлар киритиш лойиҳасида сўз юритилади.


Ўзбек фермерлари пахта даласида ишлаяптилар. Фото Reuters

Муҳокама қилинаётган қонунчиликдаги ўзгартиришлар қонуннинг 65-моддасига ҳам тегишли. Ушбу моддада “ерлардан хўжасизларча фойдаланишда, ерларни яхшилаш ҳамда тупроқни шамол, сув таъсирида нурашдан ва тупроқнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган бошқа жараёнлардан сақлаш мажбуриятларини бажармасликда айбдор бўлган шахслар” энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахслар эса беш баробаридан етти баробаригача жаримага тортилиши кўзда тутилган.

Айни фурсатда расмий манбаларга кўра, мамлакатда аҳолига тегишли бўлган 480 минг гектардан зиёд экин майдонларидан самарасиз фойдаланилмоқда.

Олдинроқ хабар берилганидек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 октябрда фермерлик хўжаликлари 2021 йил охиригача кўп профилли бўлишлари кераклиги, акс ҳолда улардан ер тортиб олинишини кўзда тутувчи фармонни имзолаганди. Энди фермерлар ва ер эгалари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, балки уларни сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш билан ҳам шуғулланишлари керак бўлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги