10:04 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринасини имзолади

10.01.2018 14:27 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Мудофаа доктринаси тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда 9 январь куни UzDaily нашри давлат раҳбари матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

Ҳужжат ҳеч қаерда чоп этилмаган. “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасининг матни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг Ахборотномаси ва Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўпламида эълон қилинади” , дейилади “Жаҳон” Ахборот агентлиги чоп этган хабарда.

Хабар берилишича, доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги ҳамда қўшнилар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини акс этади. Ҳужжатда мудофаа сиёсатининг шаффофлигига ҳамда мудофаани молиялаштиришнинг хусусиятларига эътибор қаратилади. Ваниҳоят, доктрина Марказий Осиёда ва бутун жаҳонда сиёсий вазият ривожланишининг динамикасини ҳисобга олаётгани таъкидланади.

Ташқи сиёсат ғоялари Ўзбекистон мустақиллиги йилларида илк бор 2012 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти Концепциясида шакллантирилган ҳамда президент Ислом Каримов томонидан тасдиқланган. Концепцияда, хусусан, мамлакат ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва бошқа бу каби объектларнинг жойлаштирилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланган. Шунингдек, ўзбекистонлик ҳарбийларнинг хорижий мамлакатларда тинчликпарварлик амалиётларида ҳеч қачон иштирок этмасликлари қарор қилинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги