18:26 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Шавкат Мирзиёев тез орада Тожикистонга сафар қилишини билдирди

10.01.2018 14:21 msk

Фарғона

Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга расмий ташриф билан боради ва кўплаб битим ва шартномалар тузиб келади. Бу ҳақда Мирзиёевнинг ўзи Тошкент вилояти депутатларига маъруза қилаётган пайтда билдирди, дея хабар беради “Спутник” Ўзбекистон телевидениесига ишорат билан.

“Биз кўплаб битимларни тузамиз, темир йўлни очамиз, ягона энергетика тизимини қайта тиклаймиз ва бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қилиб оламиз”, деди Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов тез кунлар ичида бўлгуси ташрифни тайёрлаш мақсадида Тожикистонга жўнашини қўшиб қўйди. Шу билан бирга, ташриф санасига аниқлик киритилмади.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини йўлга қўяди, чунки “Қиёмат кунида ёмон қўшнини ҳеч ким кечирмайди”. Бироқ, “20 йиллик музни эритиш осон иш эмас”, - деди у.

Олдинроқ Тожикистон ҳукуматидаги манба “Азия-плюс” ахборот агентлигига томонлар ўзбек давлат раҳбарининг Тожикистонга расмий ташрифини тайёрлашни бошладилар, деб маълум қилганди. “Ушбу ташриф давомида кўплаб давлатлараро келишув ва битимларнинг имзоланиши кутилмоқда. Шунақа ҳужжатлар орасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳам бўлиши мумкин”, - деди манба. Тожикистон томони маълумотига кўра, Мирзиёев ташрифи баҳорнинг бошида кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимини эгаллаган вақтдан бошлаб Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари илиқлаша бошлади. Икки мамлакат ўртасида сиёсий ва иқтисодий алоқалар ҳам фаоллашди, 25 йиллик танаффусдан сўнг авиация алоқаси тикланди, виза ва чегара режими енгиллатиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги