18:41 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бухоро Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди

10.01.2018 14:20 msk

Фарғона

2020 йилда Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти бўлади, ушбу қарор Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг навбатдаги анжуманида қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг портали.


Бухоро. 1maps.ru фотоси

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳар йили жуғрофий тамойилга асосланиб Осиё, Африка ва араб мамлакатларидан бирида учта шаҳарни Ислом маданияти пойтахтини сифатида белгилайди. Бухоро билан бирга Мисрнинг Қоҳираси ва Малининг Бамакоси 2020 йилда маданий пойтахт сифатидан танланди.

Пойтахт мақоми кўрсатилган шаҳар маъмуриятлари зиммасига бир йил давомида исломий меросни ҳамда шаҳарларнинг мусулмон дунёсидаги замонавий ролини намойиш этувчи қатор тадбирларни ўтказиш вазифасини юклайди. Пойтахтларнинг бирида Ислом ҳамкорлик ташкилоти маданият вазирларининг конференцияси бўлиб ўтади.

2007 йилда бу фахрли мақом Тошкент шаҳрига берилганди.

Бухоро Марказий Осиёдаги энг қўҳна шаҳарларидан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган, унинг ёши 2500 йилдан ошиб кетган. Ислом маданияти пойтахти бўлмиш Бухоро азалдан “Бухорои шариф” деб аталиб келинади. Шаҳар марказининг каттагина қисми меъморий ҳудуд саналиб, унинг асосий қисмини мадрасалар ташкил этади. “Унинг “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом гумбази” деб номлангани ҳам бежиз эмас”, дея қайд этади Ўзбекистон Мусулмонлари идораси.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти 1969 йилда тузилган бўлиб унинг таркибига 57 та давлат киради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги