18:27 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларга акцизлар рекорд даражада пасайтирилди

05.01.2018 20:35 msk

Фарғона

uznews.uz сайти фотоси
Ўзбекистон GM Uzbekistan компаниясида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларга акциз солиқларини 27%дан 5%гача пасайтирди. Ушбу ҳолат президент Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Жорий йил давомида GM Uzbekistan автомобилларига акциз солиқлари иккинчи марта пасайтирилмоқда. 2017 йил ёзида ушбу ставка 29%дан 27%гача, яъни 2%га пасайтирилганди.

Акциз солиқларининг пасайтирилиши Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархларига ҳам таъсир кўрсатади, уларнинг нархлари кам деганда барқарорлашади ва эҳтимол пасаяди ҳам, негаки бу товар қийматини кўпайтирувчи билвосита солиқ саналади. Ҳар ҳолда, ишлаб чиқарувчи акциз қийматини маҳсулот нархига киритади ва шу йўл билан солиқ юкини истеъмолчи зиммасига қўяди, деб қайд этади Podrobno.uz

Одатда юқори акциз солиқлари “зарарли” маҳсулотларга (алкоголь, тамаки маҳсулотлари) ҳамда зеб-зийнат буюмларига қўйилади. Баъзида акцизлар сермеҳнат жараёнлар ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қўйилади.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти ўтказаётган солиқ сиёсати ўтмишдошининг сиёсатидан фарқ қилади. Ислом Каримов даврида солиқ ва акциз ставкалари фақат ошириларди. Шавкат Мизиёев солиқ юкини ҳамда импорт қилинаётган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўплаб турларига божхона тўловларини камайтиришга қаратилган ишларни амалга оширмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги