18:28 msk, 25 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Швеция прокуратураси ўзбекистонлик имомга суиқасд ташкилотчисини қидиришни тўхтатди

04.01.2018 20:32 msk

Фарғона

Обидхон Назаров. ozodlik.org сайти фотоси
Швециялик прокурор Кристер Петерсон ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон Назаровга қарши 2012 йил февралида уюштирилган суиқасд ташкилотчисини қидиришни тўхтатди. Бу ҳақда у Назаровга қарши суиқасд тўғрисида 2017 йил охирида суратга олинган ҳужжатли филмда айтиб ўтди, деб хабар беради Sverigesradio. Прокурорга кўра, текширувни бундан кейин ўтказилишига имкониятлар қолмади, негаки қотилга пул ўтказмаларини жўнатиб турган одамни терговга жалб қилиш имкониятсиздир. Ўзбекистондаги Интерпол бюроси маълумотига кўра, бу одам 2017 йил март ойида вафот этган.

“[Ўзбекистон расмийларининг] расмий версиясига кўра, у ўлган ва бу одамни топишга менда умид қолмади. Шунинг учун бошқа турдаги маълумот олгунимга қадар тергов тўхтатиб қўйилди. Ўзбекистондаги режимнинг бу қотилликка алоқадорлиги масаласи ҳозирча жавобсиз қолмоқда”, - деди Петерсон.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йил 22 февралда Швециянинг Стромсунд шаҳрида нотаниш кимса Обидхон Назаровни тўппончадан отиб кетган. Имомни касалхонага етказдилар, бу ерда у операциядан сўнг узоқ вақт давомида комада беҳуш ётиб қолди. Тергов маълумотига кўра, жиноятни Россия ва Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган Юрий Жуковский содир этган. У имомни отиб кетганидан сўнг Россияда яширинган. Кейинроқ Россия Жуковскийни Швецияга топширган. Суд 2015 йил декабрда Жуковскийни 18 йилга озодликдан маҳрум этди. Апелляция суди ҳукмни янада қатъийлаштириб, қотилга умрбод қамоқ жазосини берди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги