18:38 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Тожикистонга Самарқанд ва Бухоро билан ҳаво алоқасини йўлга қўйишни таклиф этди

04.01.2018 18:15 msk

Фарғона

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси Тожикистон расмийларига мурожаат қилиб, Душанбени Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари билан боғлайдиган авиарейслар очишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Азия-плюс” нашри Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар бермоқда.

Агентлик суҳбатдошига кўра, айни пайтда Тожикистон томони ўзбекистонлик ҳамкасбларининг таклифини ўрганмоқда ва тез орада бу масала бўйича қарор қабул қилинади. Қарор ижобий бўлишига манбанинг ишончи комил.

Қайд этамиз, советлар даврида Тожикистондаги фуқаролик уруши бошлангунига қадар (1992-1997) Душанбедан самолётлар Самарқанд ва Бухорога ҳар куни қатнарди. Ўзбекистон 1992 йилда бир томонлама тартибда Тожикистон билан авиаалоқани узиб қўйган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги