18:42 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликлар Янги йилда кетма-кет беш кун дам олади

29.12.2017 16:51 msk

Фарғона

Ўзбекистонликлар 2018 йилда кетма-кет беш кун дам олиш белгиланди. Бундан ташқари, Наврўз ва Мустақиллик кунига ҳам ишланмайдиган кунлар қўшилди. Президент бу ҳақдаги фармонни 28 декабрь куни имзолади, дея хабар беради “Газета.Uz”.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги Фармонни имзолади.


Golosislama.Com фотоси

Шундай қилиб, Янги йилга — 5 календарь куни (2017 йил 30 ва 31 декабрь -календарь бўйича дам олиш кунлари, 2018 йил 1 январь — ишламайдиган байрам куни, 2018 йил 2 январь — қўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 3 январь — 6 январдан кўчирилган дам олиш куни) ажратилди.

Наврўз байрамига — 5 календарь куни (18 март — календарь бўйича дам олиш куни, 19 март — 17 мартдан кўчирилган дам олиш куни, 20 март — кўшимча дам олиш куни, 2018 йил 21 март — ишламайдиган байрам куни, 22 март — 24 мартдан кўчирилган дам олиш куни) ажратилди.

Мустақиллик кунига — 5 календарь куни (2018 йил 31 август — кўшимча ишламайдиган кун, 2018 йил 1 сентябрь — ишламайдиган байрам куни, 2 сентябрь — календарь бўйича дам олиш куни, 3 — сентябрь 15 сентябрь шанба кунидан кўчирилган дам олиш куни, 4 сентябрь — 8 сентябрдан кўчирилган дам олиш куни) ажратилди. Шундай қилиб, 2018 йилда янги ўқиш йили уч кунга кечиктирилади.

Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик куни байрам кунларига қўшимча ишланмайдиган кунлар белгиланиши меҳнат таътили давомийлиги уч иш кунига қисқарилиши ҳисобига қопланиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари ўзбекистонликларга Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига қўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Қайд этамиз, олдинги йилларда ўзбекистонликлар байрам кунлари фақат бир кун дам олардилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги