04:44 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасини чегара вакиллари билан «кучайтирдилар»

29.12.2017 16:50 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Чегара вакиллари фаолияти тўғрисидаги битим 2017 йил 26 декабрда кучга кирди.


Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара маскани. 2017 йил 21 сентябрь. Фото RFE/RL

Мазкур ҳужжат томонлар чегара вакилларининг Давлат чегарасидаги чегаравий можаролар ва низоларни ҳал қилиш билан боғлиқ масалаларни ечиш бўйича фаолиятини тартибга солади.

Битимга мувофиқ чегара вакиллари участкалари доирасида ўз фаолиятида: Давлат чегарасини кесиб ўтиш бўйича ўрнатилган қоидаларга риоя этилишини назорат қиладилар ва уни белгиланган тартибни бузган ҳолда кесиб ўтишни олдини олиш бўйича чоралар кўрадилар; ваколатли давлат органлари билан биргаликда ноқонуний мигрантларни депортация қилиш (топшириш) ва контрабандага қарши курашиш бўйича зарур чораларни кўрадилар ва Давлат чегарасида хўжалик ишларини амалга оширилиши ҳамда чегара сув ҳавзалари сувидан фойдаланиш, овчилик ва балиқчилик қоидаларига риоя қилиш назоратини таъминлайдилар; Давлат чегаралари орқали ёнғинлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва қишлоқ хўжалиги зараркунандаларининг тарқалиши хавфи тўғрисида бир-бирларини ўз вақтида хабардор қиладилар.

Ушбу икки томонлама ҳужжатнинг кучга кириши Давлат чегарасида юз бераётган масалаларни ўз вақтида ечиш учун қўшимча ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги