12:53 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ИИВ раҳбари «Халқпарвар тизим яратилади» дея ваъда қилди

29.12.2017 16:46 msk

Фарғона

Пўлат Бобожонов. Gazeta.Uz фотоси
Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов “ЎзА” агентлигига интервью бериб, йилга якун ясар экан ички ишлар органларида аҳолининг ишончини қозона оладиган халқпарвар тизим яратиш режалари ҳақида билдирди.

Жумладан, шу мақсадда 2017 йилда ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида 4 қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 фармони ва 18 қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори, Ички ишлар вазирлигининг 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари қабул қилинди. Мамлакатда қўшимча 175 ички ишлар бўлинмаси ва 824 таянч пункти ташкил этилди, профилактика инспекторлари сони 1102 нафарга кўпайтирилди. жами 133 йўл-патруль-пост хизмати масканларидан 66 тасини тугатиш тўғрисида хулосалар тайёрланди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этиш ҳолатлари қарийб 11 278 тага ёки 14,64 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 5 722 тага ёки 12,34 фоизга камайган. Аёллар жиноятчилиги қарийб 20 фоизга, вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар 11 фоизга, жиноят содир этган академик лицей ва коллеж ўқувчилари сони эса 21 фоизга камайишига эришилди. Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик институтлари билан биргаликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида 1079 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Бобожонов ички ишлар органларида нопок, таъмагирлик, порахўрлик ва “Ички ишлар органлари ходими” деган номга доғ тушириши мумкин бўлган салбий хатти-ҳаракатларни содир этишга мойил ходимлар йўқ эмаслигини тан олди. Унга кўра, жорий йилнинг 11 ойида хизмат интизомини бузганлиги учун 7,5 мингга яқин ходим интизомий жазога, жиноят содир этганлиги учун эса 201 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Айни пайтда 5300 нафар профилактика инспеторларига хизмат уйлари ва автотранспорт воситалари топширилди ва шу йил охиригача уларнинг сони жами 6 969 нафарга етади.

“Ҳаммага маълумки, шу кунга қадар халқимиз ички ишлар органларига жазоловчи орган сифатида қараб келган. Шахслар қийноққа солиниши, уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиши ҳақидаги фикрлар борлиги сир эмас. Бундай салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 30 ноябрдаги фармони асосида барча жазони ижро этиш муассасалари, ички ишлар органларининг тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналари ва маъмурий қамоқни ўташ жойларининг видеокузатув мосламалари билан жиҳозланганлик даражасини аниқлаш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш ишлари бошлаб юборилди”, - дея билдирди Пўлат Бобожонов.

Унга кўра, Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, жазони ижро этиш муассасаларида бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслик борасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Вазир ўзининг Виртуал қабулхонаси ишга туширилгани ҳақида сўзлаб берди. Жорий йилнинг 11 ойи давомида қабулхоналарга 512 мингта мурожаат келиб тушиб, уларнинг барчаси қонуний ҳал этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган 91 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилиб, тегишли тартибда ҳал этилди.

Мурожаатлар таҳлилига назар соладиган бўлсак, уларнинг 13 минг 943 таси ички ишлар органларидаги жиноят ишлари ва суриштирув материаллари бўйича, 13 минг 426 таси фуқаролик паспорти масаласида, 10 мингдан зиёди амнистия, 9 минг 700 таси ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан, 5 минг 698 таси прописка масаласида ва бошқалари фуқароликни қабул қилиш ва фуқароликдан чиқиш масаласига доирдир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги