12:53 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Шоқоллар» ва «эшшаклар» андижонлик ҳокимга қимматга тушди

29.12.2017 16:39 msk

Фарғона

Дилмурод Раҳматуллаев. Фото Kun.uz
Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев суд қарори билан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида (5 млн сўм ёки $650) жарима жазоси қўлланилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Назорат органи Раҳматуллаев таълим соҳаси ходимларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани тўғрисидаги хабарни текшириб, уни айбдор деб топди. Ҳокимнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ёзилган аудиоёзув 21 ноябрь куни “Озодлик” сайтига қўйилган.

Ўша куни мажлисда ҳоким пахта теримига етарли одам олиб чиқмаган коллеж ва академик лицейлар директорларини “шоқол”, “тварь”, “эшшак” деб сўккан эди.

Бироқ бу ҳоким ўшандан кейин ҳам сўкишдан тўхтамаган. Мисол учун, 21 ноябрь куни ҳокимиятда ўтказилган мажлисда у маҳалла фаолларидан бўлган икки аёлни “шакал, кампир ва ҳаром” деб сўккан, ҳақорат қилинган аёллар орасида 64 ёшга кирган ўқитувчи бўлган. Ҳокимга аёллар ўзаро гаплашиб ўтиргани ёқмай, уларни йиғилишдан ҳайдаб чиқарган.

Ўзбекистонда қўл остидаги ходимларини ҳақорат қилаётган ёки ураётган амалдорлар оз эмас. мисол учун, сентябрда Сирдарё вилояти Сайҳунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев пахта теримига етарли одам олиб чиқмаган мактаб директортларини сафга тизиб ураётгани тўғрисидаги видеоёзув интернетда тарқаб кетганди.

Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни ҳукумат мажлисида муаммо ҳақида тўхтаб ўтиб, жойлардаги амалдорларни танқид қилди. Президент билдиришича, сўкинаётган ва урушқоқ амалдорлар ўз ҳатти-ҳаракатлари билан давлат сиёсатига қарши чиқяптилар. Парламентга 22 декабрь кунги мурожаатида у вилоят ва тумандаги раҳбарларнинг масъулияти борасида эслатиб ўтди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги