08:08 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлиги таъкидлашича, Рустам Азимов президентни мунтазам алдаб келган

28.12.2017 13:30 msk

Фарғона

Элла Острогожская ва Рустам Азимов
Ўзбекистоннингн бош ахборот агентлиги “ЎзА” молия вазирлигининг собиқ амалдорини фош этувчи мақола билан чиқди. Ундан маълум бўлишича, Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси раҳбари бўлиб ишлаган Элла Острогожская собиқ молия вазири билан бирга президентга мамлакатнинг молиявий аҳволи тўғрисида ёлғон маълумотларни тақдим этиб келган.

“ЎзА” билдиришича, бу аёл 2005 йилдан 2016 йилгача Рустам Азимов бошқарган вазирликда узоқ вақт давомида мазкур лавозимни эгаллаб келган. Фаолияти давомида республика иқтисодиётига ва давлат бюджетига катта зарар етказган. Ўзини хон, кўланкасини майдон, деб ҳисоблаган бу хоним бюджет профицити кўрсаткичларини сохталаштириш, бу орқали эса сохта обрў-эътибор қозонишга ҳаракат қилган.

Ҳар йили ҳисобот йилининг 15 декабридан бошлаб бюджет ташкилотлари бўйича барча турдаги ҳаражатларни, шу жумладан озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарурий тўловларни сунъий тўхтатиб қўйган. Собиқ вазир билан тил бириктириб Давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот беришни одатий ҳолга айлантирган.

Оқибатда ҳудудларнинг режадан ошириб бажарган даромадлари республика бюджетига мажбуран олиб қўйилган. Уларнинг устидан ҳукм ўтказиб, бош эгиб келмагунча эркин маблағлар қолдиғи уларнинг ихтиёрига берилмаган.

Вазият шунгача борганки, Э.Острогожская собиқ вазир ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи билан тил бириктириб, вазир ўринбосарларига ҳам тазйиқ ўтказа бошлаган. Ўзига ёқмаганларнинг лавозимини пасайтирган ёки уларни ишдан бўшатиб, қутилиб қўяқолган. Биргина мисол: ҳудудларнинг молиявий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган вазир ўринбосарларидан бирини дастлаб, Жамғармага, кейинчалик энг қуйи бўғинга ишга юборган.

Мирзиёевнинг 22 декабрь куни парламентга Мурожаат билан чиқиб: “баъзи “ақлли” одамларни деб биз 20 йилдан зиёд вақт давомида халққа ёлғон кўрсаткичларни тақдим этиб келганмиз” дея уни эслаб ўтганидан сўнг “ЎзА” сайтида Острогожская ҳақидаги мақола пайдо бўлди. Ўшанда президент молия вазири Жамшид Қўчқоровга 10 кун ичида “эски дардлардан халос бўлиш” ва кадрлар тозааловини ўтказишни топширганди. Натижада 27 декабрь кунга келиб Молия вазирлиги тизимидан 562 та одам ишдан ҳайдалди.

Қайд этамиз, Рустам Азимов Ўзбекистон президенти лавозимига асосий даъвогарлардан бири эди, бироқ сайловларда унинг номзоди қўйилмади. 2016 йил декабрда уни молия вазири лавозимидан бўшатиб бош вазир ўринбосари этиб тайинладилар, 2017 йилда эса уни “Ўзбекинвест” компаниясига раҳбар этиб тайинладилар. Азимовнинг ўрнини Ботир Хўжаев эгаллади, бироқ шу йилнинг ноябрида уни Иқтисодиёт вазири этиб тайинладилар, Молия вазири лавозимини эса Жамшид Қўчқоров эгаллади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги