10:00 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қийноқларни бошидан кечирган туркиялик тадбиркор Ўзбекистонга инвестициялар киритишга шошилмасликка чақирди

27.12.2017 16:24 msk

Фарғона

Чет элликлар Ўзбекистоннинг янги раҳбариятига кўр-кўрона ишонмасликлари ҳамда бу мамлакатга ўз сармояларини киритишга шошилмасликлари лозим. Бу фикрни Тошкентдаги “Туркуаз” (Turkuaz) савдо марказининг собиқ раҳбари туркиялик бизнесмен Ваҳид Гунеш “Би-би-си”га интервьюда билдирди.


Воҳид Гунешнинг “Би-би-си”га интервьюдан кадр

У қайд этишича, хориж сармоясини ҳимоялаш ҳақидаги ваъдаларга қарамай, ҳамма ҳам Ўзбекистонга сармоя киритишга шошилаётгани йўқ.

"Ўзбекистонда машҳур бир гап бор. "Яхши бўлади" деган. Биз ҳам яхши бўлади, деб ўйлаяпмиз. Чунки бошқарув ўзгарди. Яхши хабарларни эшитяпмиз. Биз ҳам сўраганларга яхши тавсиялар беряпмиз. Аммо гапириш бошқа, амал бошқа. Кўп яхши нарсалар гапирилаяпти, аммо амалда ҳали кўп нарса ўзгаргани йўқ. Аммо эскидан қолган жиддий муаммолар бор", - дейди Тошкентдаги собиқ "Туркуаз" савдо мажмуасининг хўжайини Воҳид Гунеш Би-би-си билан суҳбатда.

Унга кўра, “тизимнинг ичида ислоҳотларга қаршилик қилаётган, ўзгаришларга тўғаноқ бўлаётган шахслар ва идоралар бор. Бу тўсиқлар олимб ташланмасдан ва бозор иқтисодиётига тўла ўтмасдан туриб, бирон нарса ўзгаришига мен тўғриси ишонмайман”, - дейди у. Гунеш бир неча йил олдин Ўзбекистон расмийлари унинг бизнесини тортиб олганини эслатди. “Ўз вақтида бизга қарши Ўзбекистонда жиддий қоралаш кампанияси олиб борилди. Ўзбекистондаги бизнесимизга тажовуз қилинди, мол-мулкимиз мусодара этилди. Аммо ҳозиргача бирон киши биздан кечирим сўрагани йўқ”, - деди бизнесмен.

Гунеш Ўзбекистонда 7 йил давомида тадбиркорлик қилиб, Тошкентдаги энг йирик “Туркуаз” савдо марказига раҳбарлик қилган. 2011 йил 2 март куни савдо мажмуаси қўққисдан ёпилган. Бир кун олдин бинони бир нечта автобусда келган милиционерлар қуршаб олдилар. Савдо тўхтади, бироқ супермаркетнинг юзлаб ишчи ва ходимлари кун бўйи бино ичида қолиб кетдилар. Афтидан улар билан қандайдир тергов ҳаракатлари олиб борилган. 3 март куни милиционерлар бинога 300 га яқин мардикор олиб келиб барча товарларни олиб чиқиб кетдилар.

Воҳид Гунеш қамоққа олинди ва икки ой давомида Юнусобод тумани МХХ Тергов изоляторида ўтирди. Суд уни ва яна етти нафар тадбиркорни солиқ тўлашдан бўйин товлаг, “яширин иқтисодни ривожлантиришга кўмак бериш”да айбдор деб топди. Тадбиркорларга қарши ҳукм чиқардилар, ўша заҳоти амнистия қилдилар ва Ўзбекистондан ҳайдаб солдилар, уларнинг бор мол-мулки мусодара қилинди.

2012 йил апрелда Гунеш Ўзбекистон расмийлари унинг гуркираб яшнаётган, 60 млн АҚШ долларига баҳоланган бизнесини тортиб олиш истаги сабабдан уни ҳибсга олдилар деб билдирди. Уни қийноққа солиб кўрсатмалар олдилар. “Бизларни электрошок воситасида қаттиқ қийноққа солдилар. Биз қийноқлар туфайли ўлиб қолган одамларни кўрдик, уларнинг баъзилари боши, қўллари, таналари мажақлаб ташланган эди”, - дейди тадбиркор.

Ватанига қайтгач у клиникаларда даволанишга мажбур бўлди. 2012 йилда Гунеш Ўзбекистон расмийларига қарши қийноқлар қўллангани ҳолати юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, мусодара қилинган мулкини қайтариб берилишини талаб қилди.

“Сармоядорлар Ўзбекистонга қайтаяпти ва ҳатто "Туркуаз" қайта очилармиш, деган гап-сўзлардан менинг хабарим бор. Аммо булар ҳозирча ҳақиқатдан йироқ. Умид қиламанки, келажакда бу нарсалар бўлади. Мен Ўзбекистонга нисбатан ҳамиша яхши ниятдаман", - дейди Воҳид Гунеш интервьюда.

Туркия ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистонда туркия сармояси иштирокидаги 519 та корхона фаолият юритмоқда. Туркия фирмаларининг Ўзбекистонга киритган инвестициялари 1 млрд доллардан ошиб кетди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги