01:22 msk, 18 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш дастури қабул қилинди

27.12.2017 15:38 msk

Фарғона

7ya.ru сайти фотоси
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 декабрдаги қарори билан 2018−2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастурини тасдиқлади.

2013−2017 йилларда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини даражасида 2,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл текширилди, уларнинг 65 минг нафарида ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонлари аниқланиши муносабати билан ҳомиладорлик тўхтатилди.

Скрининг марказларида 1,1 миллиондан ортиқ ҳомиладор аёл туғишгача бўлган давр текширувидан ўтказилди. Улардан ҳомиладорлик даври патологик кечган 210 минг нафардан ортиқ аёл дори-дармонлар билан даволанди. Умуман олганда, ҳомиладор аёлларни туғишдан олдин текшириш натижасида 21 минг нафардан ортиқ ривожланишида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган бола туғилишининг олдини олиш имконини берди.

1,7 миллиондан ортиқ чақалоқлар гипотиреоз ва фенилкетонурия (туғма ва ирсий касалликлар) юзасидан текширилди. Ҳозирги вақтда 1407 нафар бемор диспансер назорати остида турибди, шундан кейинчалик ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган прогрессив касалликларнинг олдини олиш мақсадида туғма гипотиреозга чалинган 1117 нафар бола доимий равишда бепул дори-дармонлар билан, 290 нафар фенилкетонурияга чалинган бола даволайдиган озиқ-овқат билан таъминланган.

Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида туғма аномалияли болалар туғилишининг интенсив кўрсаткичи 2000 йилга нисбатан 1,8 бараварга камайди.

Шу билан бирга, тиббий генетика ривожланишининг ҳозирги бочқичи бўлажак оналар ва болаларга ихтисослаштирилган юқори технологик ёрдам кўрсатиш учун скрининг марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни, сифат жиҳатидан яхшилашни тақозо этмоқда.

Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 31 миллион АҚШ доллари ва 90 миллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда, улардан 28 миллион 460 минг АҚШ доллари Давлат бюджети маблағлари, 90 миллион сўм ва 2 миллион АҚШ долларидан зиёди «Соғлом авлод учун» халқаро нодавлат хайрия жамғармаси маблағларидир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги