21:51 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда бир ой ичида тўрт нафар Исроил фуқароси ўқ-дори билан қўлга олинди

27.12.2017 15:36 msk

Фарғона

Исроиллик ҳарбий хизматчилар
Тошкент халқаро аэропортида 25 декабрь куни юкларида патронлар обоймаси бўлган навбатдаги исроиллик фуқаро қўлга олинди. Бу Тошкентда сўнгги ойда ўқ-дорилар билан ушланган Исроилнинг тўртинчи фуқароси, дея хабар беради Исроилнинг “Тўққизинчи канали”.

25 декабрь куни қўлга олинган исроиллик ҳарбийнинг номи маълум қилинмаган. Хабар берилишича, у мамлакатга қонунга зид равишда патронлар обоймасини олиб кирмоқчи бўлган. Исроил элчихонаси вакили қўлга олинган шахс билан учрашди ҳамда унинг озод этилишини тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

13 декабрь куни содир бўлган инцидент тафсилотлари қуйидагича. Ўшанда Тошкент аэропортида Ришон ле-Циондан бўлган 19 ёшли ҳарбий хизматчи Нагораи Мадар қўлга олинганди. У отаси ва икки ака-укаси билан Таиландга, Ўзбекистонда қўниб ўтган ҳолда парвоз қилаётган бўлган. Унинг рюкзакидан патрон гильзасини топишди. Оқибатда Мадарнинг қариндошлари Таиландга учиб кетдилар, унинг ўзи эса баллистик экспертизадан сўнг қўйиб юборилди ва Исроилга депортация қилинди. У олти кун давомида Тошкент аэропортида ётиб қолишига тўғри келди. “Ҳабад” ҳаракатининг маҳаллий вакиллари Мадарга адёл ва ёстиқ ҳамда озиқ-овқат олиб келиб бердилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги