06:05 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Тошкент-Сити” қурилиши учун бузилаётган уйлар эгаларига Ўқчи ва Олмазорда қурилаётган янги уйлардан квартиралар таклиф этилмоқда

27.12.2017 00:45 msk

Фергана

“Tashkent city” ишбилармонлик маркази қурилиши доирасида Шайхонтоҳур тумани Ўқчи ва Олмазор маҳаллаларида бузилаётган уйларнинг эгаларига янги қурилаётган уйлардан хонадонлар таклиф этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.


“Тошкент-Сити” лойиҳаси. Лойиҳанинг Фейсбукдаги расмий саҳифасидан олинган фото

Мазкур маҳаллалардан кўчирилаётган одамларга Яшнабод туманида 2018 йилнинг июнь ойигача 1155 та квартиралик 21 қаватлик уй қуриб битказилади. Пойтахт расмийлари янги уй қурилиши битгунга қадар ижарада яшаб туриш учун ҳар бир оилага 11,5 млн сўмдан пул ажратди. Ижарада яшашни истамайдиган одамлар учун ҳокимлик иккиламчи бозорда мос келадиган уй танлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Ўқчи ва Олмазор маҳаллаларини айланиб чиққан расмийлар у ерда 521 та ҳовли борлигини, уларда 2165 та оила пропискада турганини, уларда фақат 1138 та оила доимий яшаётганини аниқладилар. Қолган 1027 та оила “ушбу маҳалла ҳудудида узоқ вақтдан бери истиқомат қилмайди” дея топилди. Улар учун компенсация масаласи алоҳида ҳал этилади.


Бузилаётган маҳаллалардан биридаги уй. Фейсбукдаги “Ташкент строится” саҳифасининг “Ўқчи ва Олмазор маҳалла” альбомидан олинган сурат

22 декабргача 96 та оила турар жой ижараси учун компенсацияга кўндилар, 75 та оила бу пулни олиб бўлди, 9 та оилага уларнинг ихтиёрига кўра иккиламчи турар жой бозорида нархи мос келган квартира олиб берилди. 35 та оила кўчирилди, 9 та уй бузилди.

“Тошкент-Сити” Ўзбекистон пойтахтининг марказида 80 гектар майдонда қурилади. Бу ерда 40 қаватли бинолар пайдо бўлади, 12 қаватгача турар жой бинолари қурилади. Меҳмонхоналар, кўргазма марказлари ва парк зоналари барпо этилади. Буларнинг ҳаммаси тўрт йил ичида қуриб битказилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг қиймати бир миллиард доллар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги