06:05 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда автотехника кўригидан ўтиш учун тиббий маълумотнома талаб қилинмайдиган бўлди

26.12.2017 13:28 msk

Фарғона

Avtofactovic.Ru сайти фотоси
Ўзбекистон фуқаролари бундан буён автомобилини техник кўрикдан ўтказадиган бўлса, ҳайдовчиликка яроқлилиги тўғрисидаги тиббиёт маълумотномасини тақдим этмайдиган бўлдилар. Бу талаб Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан бекор қилинди. Ўзбекистондаги вазирликлар ва идораларга бир ой муддат ичида барча норматив-ҳуқуқий актларни янги низомга мослаш вазифаси қўйилди.

Олдинроқ “Фарғона” Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш нархи кўтарилгани ҳақида хабар берганди. Октябрдан бошлаб ҳайдовчилар янги намунадаги гувоҳномаларни ола бошладилар. Унинг нархи – 105 минг сўм ($13). Бу энг кам иш ҳақининг 70 фоизини ташкил этади. Автомашинанинг техпаспорти учун ҳам шунча пул тўлаш лозим.

Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари бошқа мамлакатларда ишлатиладиган ID-карталарига ўхшайди. Улар пластикдар тайёрланади ҳамда жисмоний шахс тўғрисидаги персонал идентификация рақами ва электрон нишонини (NFC Смарт-карт) сақлайди. Янги ҳайдовчилик гувоҳномалари жорий этилиши билан жарима талонлари бекор қилинади. Бунинг ўрнига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари электрон маълумотлар базасидан фойдаланишга ўтадилар.

Янги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун паспорт, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техник кўрикдан ўтилгани тўғрисидаги талон тақдим этилиши керак. Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасиниг амал қилиш муддати – берилган кундан бошлаб 10 йил.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги