22:23 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Молия вазирлигида бир кунда 50 киши ишдан бўшатилди

26.12.2017 13:24 msk

Фарғона

Ўзбекистон молия вазирлиги биноси. Вазирликнинг расмий веб-сайтидан олинган сурат
23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ходимларидан камида 50 киши ёппасига ишдан бўшатилди, дея хабар беради Kun.uz.

Ишдан бўшатилганлар орасида бошқарма бошлиқлари Ирина Голышева (Солиқ ва божхона тариф-сиёсати бошқармаси), Ш.Ҳайдаров (Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси) ҳамда А.Абдуллаев (Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси) ҳам бор. Шунингдек, икки нафар бошқарма бошлиқлари ўринбосарлари ишдан олинган.

Президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни молия вазири Жамшид Қўчқоровга юзланиб, вазирликни тозалашга 10 кун муҳлат берган, «ёш бўлсада, Ватанни севадиган одамлар»ни ишга олишга чақирганди. Акс ҳолда Қўчқоровнинг ўзи ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирилганди.

Молия вазирлигидаги камчиликлар, бюджет халқчил қилинмагани ва йил давомидаги бошқа кўплаб муаммолар президентнинг молия вазирлиги ишидан норози бўлишига сабаб бўлган. Мирзиёев молиявий ислоҳотлар амалга ошмай қолган тақдирда истеъфога чиқиб кетишга ваъда берганди. “Агар ҳаммасини тузата олмасам, мен истеъфога чиқиб кетаман. Молия вазирлигидаги “ақлли” одамлар туфайли 20 йилдан зиёд вақт давомида биз халққа нотўғри кўрсаткичларни тақдим этиб келганмиз”, - дея билдирди президент.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги