06:06 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда вилоятлар чегарасидаги Йўл-патрул хизмати постлари олиб ташланади

25.12.2017 15:44 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги йўл полицияси ходимлари. Guvd.uz сайти фотоси
Ўзбекистонда вилоятлар ўртасидаги барча йўл-патрул постлари фаолияти тўхтатилади, стационар ЙПХ постлар сони кескин қисқартирилади. Бу ҳақда Gazeta.uz ёзишича, 22 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига мурожаатида маълум қилди.

Давлат раҳбарига кўра, вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатади.

“Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади”, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд.Президент парламентга мурожаатида коррупцияга қарши кураш мақсадида ЙПХ ходимлари камералар билан таъминланишини маълум қилди.

“Тўхтатдими? Агарда камера бўлмаса, тўхтатиш ҳуқуқига эга бўлмайди… Тўхтатса ёқилган камера билан суҳбатлашсин, шунда ҳаммаси ёзиб олинади. Акс ҳолда ходимнинг ўзи жиноий жавобгарликка тортилади. Барча коррупцион ҳолатлар суҳбат жараёнида келиб чиқади”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентга кўра, бундай камералардан барча ривожланган давлатларда фойдаланилмоқда, ҳозирда Ўзбекистон уларни сотиб олмоқда ва 10 февралдан топшириш бошланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги