15:41 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Ўзбекистоннинг собиқ президенти қизи Гулнора Каримовага қарши санкция киритди

25.12.2017 15:36 msk

Фарғона

Гулнора Каримова
Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримовага қарши санкциялар жорий этди. Бу ҳақда 21 декабрь куни АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинди.

Вазирлик изоҳ беришича, америка ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Каримовани “қудратли уюшган жиноятчилик бирлашмасининг” раҳбари деб ҳисоблайдилар. Улардаги маълумотга кўра, бу бирлашма бозорни монополиялаштириб олган, пора таъма қилган ҳамда рэкет билан шуғулланган.

Бир вақтнинг ўзида Россия бош прокурори Юрий Чайканинг ўғли Артемга нисбатан ҳам санкциялар киритилди. Америка расмийларига кўра, кенжа Чайка отасининг мансабидан фойдаланиб, ўзига қарашли фирмалар учун давлат шартномаларини тузишга ёрдам қилган ҳамда рақобатчиларига босим ўтказган.

Бунинг арафасида “Магнитский рўйхатига” Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодировни ҳам киритдилар. Америка расмийлари уни “суддан ташқари ҳолатларда жазолаш, қийноқлар қўллаш ва инсон ҳуқуқларини бузиш”га алоқадорликда айбламоқдалар.

Америка расмийлари “Магнитский рўйхати”ни 2012 йилдан бошлаб туза бошлаганлар. Аввалига унга юрист Магнитскийнинг Тергов изоляторида ўлимига алоқадор россиялик давлат амалдорлари киритила бошланган. Кейинига рўйхатга инсон ҳуқуқларини бузишда гумонланаётган бошқа шахслар номи киритила бошланди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги