15:39 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

БМТ Бош Ассамблеяси АҚШнинг Қуддус мақоми бўйича қарорини қоралади

25.12.2017 15:31 msk

Фарғона

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қуддусни Исроилнинг пойтахти дея тан олишдан воз кечди. БМТ Бош Ассамблеяси АҚШнинг Қуддус тўғрисидаги мақомини тан олмаслик борасида резолюция қабул қилди. Бу ҳақда 21 декабрь куни БМТнинг сайтида хабар қилинди.

Ҳужжат 128 мамлакат – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Қўшма Штатлардан ташқари, барча доимий аъзолари томонидан маъқулланди. Резолюцияга қарши 9та давлат қарши чиқди, яна 35 та давлат бетараф қолди.

БМТнинг Хавфсизлик Кенгашининг худди шундай резолюциясига АҚШ вето қўйганидан сўнг фавқулотда мажлис чақирилди. Ўшанда Хавфсизлик Кенгашининг барча 14 та аъзоси бу ҳужжатни қўллаб-қувватлади. Пайшанба куни қабул қилинган резолюция матни Вашингтон томонидан инкор этилган лойиҳани амалда такрорлайди.

Пайшанба куни қабул қилинган резолюцияда Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олинишидан воз кечишга чақирилади, бироқ матнда Қўшма Штатлар тилга олинмайди. Ҳужжатда шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши“резолюцияларига зид бўлган қарорлар” юридик кучга эга эмаслиги таъкидланади.

Бундан аввал АҚШ президенти Дональд Трамп бу резолюцияни қўллаб-қувватлаган мамлакатларга молиявий ёрдамларни чеклаши борасида ваъда берган эди. Фаластин расмийлари АҚШни БМТ аъозлари бўлмиш мамлакатларга “таҳдид солаётганликда”айблаган эди.

Президент Трамп 6 декабрь куни АҚШ элчихонаси Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишга тайёргарлик кўриш борасида фармойиш берган эди. Кўчиш жараёни уч йилдан тўрт йилгача давом этиши мумкин. Трампнинг қарори араб мамлакатлари раҳбарлари томонидан кескин танқид қилинган эди. Фаластин ерларида оммавий норозиликлар бошланди.

Исроил Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб билади. БМТ шаҳарнинг шарқий қисмини қонунга зид равишда босиб олинганини айтади. 1995 йилда АҚШ конгресси Америка элчихонасини Қуддусга кўчириш борасида қонун қабул қилди, бироқ шаҳарнинг баҳсли мақоми сабаб элчихона Тель-Авивда қолмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги