22:04 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон расмийлари хусусий киракашлар учун патент жорий қилмоқчи

25.12.2017 14:35 msk

Фарғона

Sputniknews-uz.com фотоси
Ўзбекистон расмийлари 2018 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб йўловчи ташиш фаолиятини амалга оширишига рухсат беришни режалаштирмоқдалар. Бу ҳақда 20 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.Қўчқоров маълум қилган, дея хабар беради “ЎзА”.

Ушбу тартиб тегишли лицензия олган ўриндиқ жойлари 4 йўловчидан ортиқ бўлмаган таксиларга нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.

Қўчқаровнинг таъкидлашича, мазкур таклиф президентнинг солиқлар йиғувчанлигини ошириш, даромадларини легализация қилиш, қўшимча резервларни аниқлаш доирасида берган топшириқларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу ташаббус қачон маъқулланиши тўғрисида маълумот берилмаган.

Айни пайтда Ўзбекистонда тижорат асосида йўловчи ташиш президентнинг 2006 йил 9 март кунги қарорига мувофиқ фақат юридик шахсларга рухсат берилган.

Бироқ кўпчилик автоулов эгалари ноқонуний тарзда йўловчи ташиш билан шуғулланиб келадилар вақти-вақти билан уларга қарши рейдлар ўтказилади, лицензиясиз йўловчи ташиш энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача, мансабдор шахсларга нисбатан эса 50 баробаридан 150 баробаригача жарима билан жазоланади. 2016 йилда нолегал киракашлар мамлакат бюджетига 26.6 млрд сўм ($8 млн) “даромад” келтирдилар.

Афтидан расмийлар хусусий киракашлик билан шуғулланадиган одамларга енгиллик яратиб беришга қарор қилганга ўхшаяпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги