12:37 msk, 19 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда бир ярим мингдан зиёд порахўрлар аниқланди

25.12.2017 14:28 msk

Фарғона

Rand.orgсайт фотоси
Ўзбекистонда 2017 йилда коррупцияда гумон билан 1556 нафар мутасаддиларга қарши 1130 та жиноят иши қўзғатилди. Cудга 1442 нафар мансабдор шахсга нисбатан 954 жиноят иши оширилди. Бу ҳақда “Спутник” Коррупцияга қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссиясининг эксперт гуруҳига таянган ҳолда хабар берди.

Экспертлар маълумотига кўра, мамлакатда коррупцияга оид жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган. Хусусан, қўзғатилган жиноят ишлари 22%, судга оширилган ишлар эса 23 фоизга камайган.

Жиноят кодексининг 207-моддаси (“Мансабга совуққонлик билан қараш”) бўйича ҳуқуқбузарликлар 39% га камайган, 209-моддаси (“Мансаб сохтакорлиги”) бўйича – 38%, 167-моддаси бўйича (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) – 37%, 205-моддаси бўйича (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”) – 35%, 206- моддаси бўйича (“. Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”) – 31%, 210- (“Пора олиш”), 211- (“Пора бериш”) ва 212-моддалари бўйича (“Пора олиш-беришда воситачилик қилиш”) – 13 фоизга камайган.

Олдинроқ жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича “Ижтимоий фикр” маркази томонидан сўров ўтказилган Ўзбекистон аҳолисининг 56.8 фоизи коррупция ҳолатларига йўлиққан. Респондентларга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлилкар соғлиқни сақлаш (37,6%), таълим (31,4%), ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида (25%), шунингдек, аҳоли бандлиги, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат кўрсатиш, банклар, солиқ ва божхона идораларида, ҳокимятларда учраб туради.

Коррупция ҳақида кўпроқ Қорақалпоғистон, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилояти аҳолиси гапиришди. Бу ҳақда асосан тадбиркорлар, хорижий ташкилотлар ва фирмалар ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, коллежлар, лицейлар ва ОТМлар вакиллари билдирдилар.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил январида “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” қонунини имзолади. Февралда Коррупцияга қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Унинг таркибига республиканинг деярли барча раҳбарлари – вазирлар, давлат хизматлари раислари ёки уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, иккита ОТМ ректори – жами 42 киши киритилди. Комиссияни бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев бошқармоқда.

Transparency International ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилинадиган “Коррупциянинг таъсири индексида” Ўзбекистон 176 мамлакатлар орасида 156-ўринни эгаллаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги