07:42 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик фермер ва тадбиркорларига болалар боқчаларига ҳомийлик қилиш мажбурияти юкланади

25.12.2017 14:23 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатли бўлишини таъминлаш учун ҳар бир мактабгача таълим муассасасига фермер ва тадбиркорлик субъектларини бириктирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор мажлисида билдирди, дея маълум қилади унинг матбуот хизмати.


Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати фотоси

Президент 2018 йилда бир болани овқатлантириш учун ажратилаётган маблағ миқдори оширишга ҳамда болалар боғчаларини услубий ва дидактик ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан таъминлашга ваъда қилди. 2018 йилда давлат бюджетидан 427 боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 771 миллиард сўм ($95 млн) маблағ ажратилади.

Мирзиёев тақдим этган маълумотга кўра, кейинги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайгани, 2,45 миллион боладан 818 минг нафаригина боғчаларга қамраб олинган. Олдинроқ президент 2021 йилгача мамлакатдаги беш-олти ёшли боалаларнинг ҳаммасини мактабгача таълим тизимига жалб қилиш режаси ҳақида билдирганди.

Бунинг учун расмийлар янги типдаги давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини барпо этишни режалаштиряптилар. Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳар ва туманида кам деганда биттадан нодавлат болалар боғчасини очиш режалаштирилмоқда. Шу кунларда ҳукумат пойтахтдан ташқаридаги хусусий мактабгача таълим муассасаларига истеъмол қилинаётган электр энергияси ва газнинг 50% қийматида етказиб беришга қарор қилди.


Мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотларга бағишланган мажлис. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Мирзиёев боғчалар таълим муассасаси вазифасини бажариш ўрнига ота-она ишда бўлган вақтда болага қараб турадиган муассасага айланиб қолгани борасида ўз норозилигини билдирди ҳамда боғчаларда болани ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, физио-психологик, жисмоний ва ижодий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари жорий этилмаганини қайд этиб ўтган. Президент мактабгача таълим дастурлари болаларга ўқиш ва ёзишни турли ўйинлар орқали ўргатиш, уларнинг зерикмаслиги, безор бўлмаслиги, аксинча, боғчага хурсанд бўлиб борадиган бўлишига хизмат қилади, деб билдирди. Мактабгача таълим тизимини яхшилаш учун янги норматив актлар қабул қилинади, ушбу соҳага чет эл инвестициялари йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил сентябрда Ўзбекистонда Мактабгача таълим вазирлиги тузилди, уни Тошкент Ахборот технологиялари профессионал коллежининг собиқ директори, сенатор Агриппина Шин бошқара бошлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги