21:51 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Трамп Мирзиёевни АҚШга ташриф буюришга таклиф қилди

21.12.2017 00:40 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп. fb.com/Mirziyoyev саҳифасидан олинган фотосурат
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот ўтказди, унда икки давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли режаларини биргаликда кўриб чиқиш мақсадида Президент Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбарига АҚШга расмий ташриф билан келишни таклиф этди. “Газета.uz” хабар беришича, бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот 24” дастури хабар қилдган. Мулоқот америка томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарларининг 2017 йил май ойида Ар-Риёд шаҳрида ва жорий йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашувлари сиёсат ва хавфсизлик, савдо, инвестиция, молия, технологиялар соҳаларида ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашишига хизмат қилмоқда”, - дея қайд этилади хабарда.

АҚШ президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган, демократик ва иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи, жумладан фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган аниқ тадбирларни яна бир бор қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мулоқот чоғида минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбарлари Афғонистонни иқтисодий тиклашда уни халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этдилар. Шу маънода Афғонистон Президентининг декабрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган муайян лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги келишувларга юксак баҳо берилди.

“АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади”, - дея қайд этилади хабарда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги