18:10 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев пахта ўрнига қизил қалампир ва бошқа сердаромат экинларни экишга топшириқ берди

19.12.2017 16:59 msk

Фарғона

Rareseeds.com сайти фотоси
Шавкат Мирзиёев ҳосилдорлиги паст ерларда пахта ўрнига сердаромад экин экишга топшириқ берди. Мисол учун, бор-йўғи 60-80 кунда етиладиган қизил қалампир “оқ олтин”га қараганда бир неча баробар қиммат туради. Бу ҳақда президент Қорақалпоғистонда бўлган чоғида билдирди, дея хабар беради “ЎзА”.

2018 йилда Қорақалпоғистонда ҳосилдорлиги паст бўлган 15 минг га майдонда пахта ўрнига қизил қалампир экилади. Республиканинг барча вилоятларида қалампир учун экин майдонлари ажратилади. Мутахассисларга кўра, бир гектар майдонда ҳосилдорлик 15−20 тоннагача етади. 5 килограмм ҳосилдан 1 килограмм қуритилган аччиқ қалампир олиш мумкин. Мисол учун, 1 гектар майдондан 16 тонна ҳосил етиштирилса, 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Унинг 1 тоннасининг нархи дунё бозорида 8 минг 640 доллар атрофида баҳоланади. Ҳолбуки, бир тонна пахта толасинингфьючерс шартномаси бўйича нархи $1700.

Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрмоновга кўра, 1000 гектар ер майдонида Индонезиядан аччиқ қалампир кўчатларини олиб келиб экиш режалаштирилмоқда. “Бундай навли аччиқ қалампирнинг ҳар гектаридан 20−27 миллион сўм ($2469-$3333) фойда кўриш мумкин, бу пахтага нисбатан бир неча баравар кўп демакдир”, - деди Беруний тумани ҳокими.

Чимбой тумани фаоллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев “Пахтани фойда берса ҳам, фойда бермаса ҳам экавериш вақти ўтди. Даромад бермадими, бошқа экин экиш керак”, - деб айтди. - “Масалан, қизилмия бу ер иқлими ва шароитига мос келади. Шундай экан, нима учун уни кўпайтиришни йўлга қўймаслигимиз керак”. Президент унинг етиштирилишига ва экин майдонларининг кенгайтирилишига ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаслиги керак деб билдирди.

Sreda.Uz хабар беришича, қизилмияни Қорақалпоғистонда “боян” деб атайдилар, у Амударё дельтасидаги тўғайларда, ариқлар, каналлар, коллекторлар бўйларида, шўрхон ва ташландиқ ерларда ўсади. “Спутник” маълумотига кўра, Қорақалпоғистонда қизилмия илдизидан дори воситалари тайёрловчи бешта ишлаб чиқариш корхонаси тузилган. Бу дорини асосан Хитой сотиб олади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги