17:43 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ҳукумати музейлар фаолиятини оптималлаштиришга қарор қилди

19.12.2017 16:58 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги ўлкашунослик музейларидан бирининг экспозицияси. Advantour.com сайти фотоси
Ўзбекистон ҳукумати 33 та музей ёпиб, 21 тасини қайта ташкил этади ҳамда 7 та янги музей очишга қарор қилди. Ҳукумат 11 декабрдаги қарори билан 2017−2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш дастурини қабул қилди.

Асосан республиканинг турли вилоятларида жойлашган туман ўлкашунослик музейлари ёпилади. Янги музейлар Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида, Тошкент вилоятининг Нуравшон шаҳрида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ва иккитаси Бухорода очилади.

Расмийлар хорижий тажрибага таянган ҳолда Ўзбекистондаги барча музейлар концепцияларини қайта кўриб чиқмоқчи, зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшиламоқчи, имконияти чекланган шахсларга шунақа маданият муассасаларига кириш учун шароитларни яратмоқчи ҳамда экспонатлар хавфсизлиги ва сақланиш атрофидаги вазиятни яхшиламоқчи.

Музейлар фаолиятини фаолиятини такомиллаштириш дастурни амалга ошириш учун 572,354 млрд сўм ($70,661 млн) маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

Қарордан маълум бўлишича, Ўзбекистонда жами давлат бюджетидан молиялаштириладиган 23 та музей ва уларнинг 65 та филиаллари мавжуд. Уларни такомиллаштириш бўйича чоралар Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган туризмни ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Эслатиб ўтамиз, республика президенти Самарқандга ташрифи чоғида туризм пахта етиштиришдан даромадлироқ эканини таъкидлаб ўтганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги