15:50 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Футбол федерацияси фаолиятини танқид қилгани учун “Нефтчи” жамоаси мураббийси ишдан олинди

19.12.2017 16:56 msk

Фарғона

Вадим Абрамов. Uz24.uz сайти фотоси
Фарғонанинг “Нефтчи” футбол жамоасининг бош мураббийси Вадим Абрамов “...номуайян муддатга футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлаштирилди”, - дейилади Ўзбекистон Футбол федерациясининг расмий сайтида жойлаштирилган расмий хабарда.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия қўмитаси Бюросининг 2017 йил 16 декабрдаги 9-сонли қарорида қайд этилишича, “ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдирганлиги, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича кенг жамоатчилик ўртасида носоғлом фикрлар вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги учун” шундай қарор қабул қилинган.

- Мени четлатишдими? Бу ҳазилми ё чинми? Менинг хабарим йўқ. Буни энди биринчи марта сиздан эшитиб турибман, - деди Вадим Абрамов ҳайрон бўлиб Championat.Asia мухбирига. - Тўғриси, нима учун футболдан четлатилганимни билмайман. ЎФФ ва ПФЛ шаънига нотўғри фикрлар билдирган деб ёзилган? Биз - футбол кишиларимиз. Футболда ҳар кимнинг ўз фикрини айтишга ҳаққи йўқми? Кеча ПФЛда йиғилиш бўлди. Унда мен ҳам қатнашдим. Бир-иккита гапга ўз муносабатимни билдирдим. Эшитган бўлсангиз керак, кейинги йил олий ва биринчи лигада ўйнаш учун футболчилар норматив топширади. Норматив жуда мураккаб тузилган, уни ҳатто Бобби Чарльтон ҳам топширолмасди. Мен ПФЛнинг баъзи қарорлари бўйича ўз фикримни айтдим, балки биронта гапим ёқмаган бўлиши мумкин.

Олдинроқ Вадим Абрамов футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг янги формати бўйича ўз фикрини билдирганди.

“Мен янги формат ҳақида кўп йиллар олдин гапиргандим, - дея эслатди у. - 2008 йилда мен премьер-лигада 12 та жамоани қолдиришни таклиф қилгандим. Олий лигадан иккита жамоа биринчи дивизионга тушиши ва биринчи дивизиондаги икки жамоа олий лигага кўтарилиши лозим. Бироқ қандайдир сабабга кўра, биринчи лигадаги жамоалардан бири олий лигада ўйнашни истамади. Мен жамоалар сонини 12 тагача қисқартиришни таклиф қилдим. Бироқ бу 2008 йил муаммоси. Ҳозир эса 2017 йил. Сўнгги 9 йил ичида 9 та янги стадион қурилди. Ушбу ареналар кимлар учун қурилди?”

Турнир форматини ўзгартириш тўғрисида шу йилнинг кузида гап бошланди. Футбол мутасаддиларига кўра, тарнсофрмация рақобатбардош жамоалар сонини кўпайтириш имкониятини беради. Ўзгаришлар келгуси мавсумдан кучга кириши керак.

“Абрамовга кўра вазият қуйидагича – жума куни ЎФФ ва ПФЛ йиғилишида янги нормативлар тизимини танқид қила бошладилар, - дея вазиятга шарҳ берди спорт журналисти, футбол эксперти Алишер Никимбаев “Фарғона” билан суҳбатда. – ЎФФ мураббийга дисквалификация билан жавоб бериб, клубларнинг барча ходимлари Федерация ва Лига раҳбариятининг қарорларини сўзсиз бажаришлари кераклигини таъкидлади. Абрамов эса мутасаддилар ҳаракатларининг тўғрилиги борасида шубҳа билдирди. Аҳмоқона гап бўлди. Нима қилганда ҳам қарор Вадим Абрамовнинг иштирокисиз қабул қилинди. Уни ҳатто ўз ҳаракатларини тушунтириб бериш учун ҳам чақирмадилар. Янги формат бўйича сўз юритиладиган бўлса, ЎФФ ўзгартиришларни ёқлашда қатъий тураверади, “юқоридан” маъқуллаш бўлмагунича. Ломга қарши фақат бошқа лом тура олади. Агар бошқа лом бўлмаса, унда формат ўзгаради.

Қайд этиш жоиз, “Нефтчи” Ўзбекистон чемпионатининг бу йилги мавсумда турнир жадвалида 15 ўринни эгаллаб ўзига хос антирекордини қўйди. Агар олий лигада 16 та жамоа қоладиган формат сақланиб қолса, фарғоналиклар Олий лигада қолиш учун “Истиқлол” жамоаси билан беллашишига тўғри келади.

Вадим Абрамов Ўзбекистондаги энг обрўли футбол мураббийларидан бири саналади. У “Локомотив” жамоаси билан 2014 йил Кубогини, 2015 йил Суперкубогини қўлга киритган, Ўзбекистон терма жамоасини бошқариб, жаҳон аренасида Осё кубогида тўртинчи ўринни эгаллаган (2011).

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги