21:47 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президенти барча экспорт божларини бекор қилди ҳамда мамлакатга порнография маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади

19.12.2017 16:45 msk

Фарғона

Ўзбекистон деярли барча товарларга экспорт божларини бекор қилди. Тегишли фармонни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имзолади (Фармоннинг PDF форматидаги матнини бизнинг сайтда ўқишингиз мумкин).

Бундан буён фақат қонунчилик билан кўзда тутилган ўзига хос товарларга экспорт божлари ундирилади. Бундан ташқари, фармон барча турдаги экспортларни лицензиялашни бекор қилади, баъзи бир истаснолар бор, холос.

Ўз маҳсулотларини экспортга чиқараётган корхоналарга қулайлик яратиш учун бундан буён чет элларда махсус савдо уйларини ҳамда маркетинг тадқиқотлари учун ваколатхоналарни очишга рухсат берилади. Шу билан бирга, бунақа уйларга товар етказиб бериш консигнация шартларига асосан амалга оширилади, яъни товар сотилгунига қадар ишлаб чиқарувчи товарнинг эгаси ҳисобланади, савдо уйлари эса омбор вазифасини бажаради.

Савдо вазирлиги ва Адлия вазирлиги тез кунлар ичида президент фармонини ижро этиш учун турли норматив актларга киритилиши зарур бўлган ўзгартишларни ишлаб чиқишлари керак бўлади.

Шу билан бирга, фармонда фақат президент ёки ҳукумат рухсати билан экспортга чиқарилиши рухсат бериладиган товарлар рўйхати келтирилган. Булар – асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (чорва, парранда, гўшт, калла-поча, нон, ғалла, шакар, ўсимлик ёғи), вольфрам рудалари ва концентратлари, полиэтилен чиқиндилари ва кесимлари, рангли металл ломлари, тери ва мўйна хом ашёси, пилла, ипак, шунингдек, бадиий ва илмий аҳамиятга эга қўҳна буюмлардир.

Шунингдек, Ўзбекистонга импорт қилиниши тақиқланган предметлар рўйхати ҳам келтирилмоқда. Бу рўйхат бир банддан иборат – бу давлат тузумини емиришга ёки адоват қўзғатишга қаратилган ҳамда порнография характеридаги материаллардир.

Божларни бекор қилиш орқали экспортни рағбатлантириш Ўзбекистон учун янги ечим эмас. 1997 йилда собиқ президент Ислом Каримов ҳам фармон чиқариб экспорт божларини бекор қилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги